Аввалроқ, Самарқандда туман ДСИ ўринбосари машинасида йўл қоидасини бузгани сабаб ЙПХ ходимларидан қочганида ходимлар уни ушлаб, мастлигини текшириш учун тиббий кўрикдан ўтказишга мажбуран олиб кетмоқчи бўлиб, машинага ўтказаётган вақтда вафот этганди.
Шундан сўнг, мазкур икки нафар ЙПХ ходимига жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олингани ҳақида хабар бергандик.
Бугун, 3 декабрь куни, ЖИБ Каттақўрғон туман суди биносида судланувчилар М.К. ва Ш.Р.га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, М.К. ва Ш. Р. ЖКнинг 102-моддаси (эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш) 1-қисми ва 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.
Қайд этилишича, улар 2 йил ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ҳар бирига 2 йил 10 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Шунингдек, ушбу жиноят иши бўйича жабрланувчиларга етказилган моддий ва маънавий зарарлар юзасидан фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканликлари тушунтирилди.