Самарқандда газ баллонлари портлаши ортидан ёнғин келиб чиққани айтилган хабарга аниқлик киритилди. Қайд этилишича, газ баллонлари 20 та эмас, балки жами 43 та бўлган ва хонадон эгаси ер остидан ноқонуний газ трубасини ўтказиб, маиший газ баллонларига газ тўлдириш билан шуғулланиб келган.
2021 йил 18 январь куни Самарқанд туманида жойлашган хонадонларнинг бирида ёнғин содир бўлгани ва натижада уйнинг 50 кв.м. майдони, дарвозахонада турган 2021 йилда ишлаб чиқилган давлат рақамсиз “Дамас” русумли автотранспорт воситаси ҳамда ертўлада мавжуд бўлган 20 дона маиший газ балони ёрилиб яроқсиз ҳолга келгани ҳақида маълум қилинган эди.
Самарқанд вилояти прокуратурасининг маълум қилишича, ёнғин содир бўлгандан сўнг воқеа жойи тумани ИИБ ТБ томонидан қўшимча кўздан кечириш давомида уйда яроқсиз холга келган 20 та газ баллонлардан ташқари яна 23 дона газ баллонлар борлиги, шунингдек, О.Н.нинг яшаш хонадоннинг орқа қисмидан ер ости қувури орқали табиий газ тармоғига ноқонуний уланганлиги ва ушбу тармоққа газ тортиш ускунаси (насос) ўрнатилганлиги аниқланган.
Фуқаро О.Н. ўз кўрсатувида хусусий корхона билан тузилган келишувга асосан ўзининг автомашинасида корхонага тегишли газ баллонларга маиший газ тўлдириб, етказиш билан шуғулланишини, воқеа содир бўлган куни яшаш уйида электр симига лампочка патронини ўрнатаётган вақтда чақнаш содир бўлиб ёнғин келиб чиққанлигини, шундан сўнг уйда бўлган газ баллонлардан бир нечтаси портлаб кетганлигини баён қилган.
Олинган ашёвий далиллар бўйича Х. Сулаймонова номидаги Экспертиза Марказига судга оид ёнғин экспертизаси тайинланган.
Ёнғин ва унинг натижасида келиб чиққан газ баллон портлаши натижасида жароҳатланганлар мавжуд эмас.
Ҳолат юзасидан Самарқанд туман ИИБ ТБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Терговга қадар текширув ҳаракатлари туман прокуратураси томонидан назоратга олинган.