Тошкент шаҳар ИИББ маълумотига кўра, жиноят иши доирасида Марат Ҳамдамов ҳамда Ж.А. Жиноят-процессуал кодексининг 227-моддасига асосан процессуал тартибда ушланган.
Маълум бўлишича, Сергели туманида офиси жойлашган «Imarat Development» МЧЖ фаолияти юзасидан бир неча фуқаро мурожаат қилган. Улар компания раҳбариятига нисбатан қонуний чора кўришни сўрашган.
Текширувда компания томонидан қурилиши режалаштирилган кўп қаватли уйлар Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ туманида жойлашгани аниқланган. Айрим фуқаролар турар жойлар пойтахтда эмас, вилоят ҳудудида қурилаётганидан норози бўлиб, хонадонлар учун тўлаган пулларини қайтаришни талаб қилишган. Бироқ маблағлар қайтарилмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 192¹¹-моддаси (нодавлат ташкилот мансабдор шахсларининг ўз ваколатларини суиистеъмол қилиши) билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ҳамда прокуратура назоратига олинган. Тергов натижаларига кўра, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
Изоҳ