Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 10 январдаги қарорида технопарк фаолиятини йўлга қўйиш чора-тадбирлари белгиланди, шу мақсадда дирекция тузилди. Қурилиш ишлари жадал олиб борилиб, жорий йил июлда унинг дастлабки биноси фойдаланишга топширилди. Шавкат Мирзиёев бу ерда яратилган шароитлар билан танишди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.
Технопаркда мутахассислар учун барча қулайликлар яратилган, истиқболли стартап-лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича инкубация ва акселерация дастурлари ташкил этилган. Ахборот технологиялари, молия технологиялари, логистика, электрон тижорат, электрон таълим, биотехнология ва бошқа йўналишлардаги илк лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
АҚШдаги транспорт корхоналарига логистика ҳамда кафе ва пиццерияларга аутсорсинг бўйича технологик хизмат кўрсатиш йўлга қўйилгани қайд этилмоқда. Технопаркнинг бу каби хизматлари арзонлиги, сифати қолишмаслиги билан хорижликларга маъқул бўлмоқда.
"Иқтисодиётимиз барқарорлиги, ҳар бир соҳанинг сифати ва самарадорлиги, аҳолига қулайликлар яратиш ахборот технологиялари билан боғлиқ. Шунинг учун бу соҳага янада кенг имконият, зарур инфратузилма яратиш, мутахассисларни ҳар томонлама рағбатлантириш, қобилиятли ёшларни тарбиялаш керак", - деган Шавкат Мирзиёев.
Мазкур технопарк резидентлари сифатида рўйхатдан ўтган корхоналар 2028 йилнинг 1 январига қадар солиқлар ва божхона тўловларидан озод этилган. Бу соҳа мутахассисларига катта мадад бўлиб, технопаркка қизиқишни оширмоқда. Қисқа вақтда унинг резидентлари сони 300дан ортди.
Соҳа ривожига янада кенг шароит яратиш мақсадида бу ерда яна еттита лотда қурилиш қилиниб, IT-офислар, бизнес маркази, меҳмонхона ва бошқа бинолар барпо этиш режалаштирилган.
Президент Шавкат Мирзиёев ушбу янги босқич қурилишига тамал тоши қўйди.
Технопаркда йиллик ишлаб чиқариш қуввати 2020 йилда 10 миллион доллардан ортиши, 2025 йилда эса 100 миллион долларга етиши кўзда тутилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 150 миллион доллар.
Давлатимиз раҳбари бу ерда фаолият юритаётган мутахассислар билан суҳбатлашди.
"Бугун Ўзбекистон барча соҳаларда ўзини намоён этмоқда. Ўз вақтида ахборот технологияларига эътибор қаратганимиз яхши натижалар бермоқда. Битта дастурий маҳсулот давлатимизга қанча наф келтиради, коррупция, бюрократияни бартараф этади, одамларга қулайлик яратади. Ҳар доим ёдда тутингларки, сизларнинг ишингиз жудаям муҳим", - деган президент.