Аввалроқ, Тошкентда Тошкент давлат техника университети талабаларининг ётоқхонадан чиқариб юборилгани ҳақида хабар қилинганди.
ЎзАнинг хабар қилишича, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова бошчилигидаги ишчи гуруҳ талабалар ётоқхонасига бориб, вазиятни жойида ўрганган. Ўрганишда тадбиркор, масъуллар, прокуратура ходимлари ҳамда Тошкент давлат техника университети раҳбарияти иштирок этган.
Маълум бўлишича, Талабалар шаҳарчасида давлат-хусусий шериклик асосида қурилган мазкур талабалар турар жойи ҳали расман фойдаланишга топширилмаган. Объектнинг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаган ва фойдаланиш учун зарур рухсатлар олинмаган.
Бундан ташқари, бинонинг иссиқ сув ва иситиш тизимлари ҳали уланмаган. Ёнғин хавфсизлиги бўйича ҳам объект амалдаги талабларга тўлиқ жавоб бермайди.
Шу сабабли талабалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида улар мазкур объектдан чиқарилиб, университетнинг мавжуд талабалар турар жойлари ҳамда ижара хонадонларига жойлаштирилган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълум қилишича, объектга аввал жойлаштирилган талабалардан ундирилган тўловлар тадбиркор томонидан уч кун муддатда тўлиқ қайтариб берилади.
Айни пайтда объектнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ва ундан фойдаланиш учун зарур рухсатларни олиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
Ҳолат бўйича барча жиҳатлар ўрганилиб, талабаларнинг хавфсизлиги ва қонуний манфаатларини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Изоҳ