Маълум қилинишича, Талабалар шаҳарчасида давлат-хусусий шериклик асосида қурилган мазкур ётоқхона ҳали расман фойдаланишга топширилмаган. Объектнинг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаган ва ундан фойдаланиш учун зарур рухсатлар олинмаган.
Шунингдек, айрим талабалар тадбиркор томонидан белгиланган тартибга риоя қилинмаган ҳолда, тегишли йўлланмасиз ётоқхонага жойлаштирилгани аниқланган.
Бундан ташқари, бошқа олий таълим муассасалари талабалари ҳам ушбу объектга жойлаштирилган.
Ҳолат аниқланганидан сўнг талабаларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида улар объектдан чиқарилиб, Тошкент давлат техника университетининг бўш талабалар турар жойларига вақтинча жойлаштирилган. Бошқа ОТМ талабалари эса ўз таълим муассасаларига қайтарилган.
Расмий маълумотга кўра, хорижий талабалар ҳам тегишли рухсат ҳужжатларисиз мазкур объектда яшай олмайди. Шу сабабли улар ҳам ётоқхонадан чиқарилган.
Айни пайтда объектнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ва зарур рухсатларни олиш ишлари давом этмоқда. Ётоқхонада иссиқ сув ва иситиш тизимлари ҳам ҳали тўлиқ ишга туширилмаган.
Қайд этилишича, объектнинг расмий очилиш маросими ҳам ўтказилмаган. Талабаларни ётоқхонага белгиланган тартибга риоя қилмаган ҳолда тадбиркор жойлаштиргани университет ва вазирликка олдиндан маълум бўлмаган.
Талабалардан мазкур объект учун аввал ундирилган тўловлар тадбиркор томонидан 100 фоиз миқдорида қайтариб берилган.
Барча зарур ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тегишли рухсатлар олинганидан сўнг объект белгиланган тартибда фойдаланишга топширилади ва талабаларни жойлаштириш амалдаги тартиб асосида амалга оширилади.
Изоҳ