Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Турдимов Эркинжон Оқбўтаевич Бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва илм-фан вазири лавозимига тайинланди. Шу муносабат билан у Сирдарё вилояти ҳокими лавозимидан озод этилди.
Бундан аввалроқ Эркинжон Турдимовнинг номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланган эди.
Шунингдек, фармон билан Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида Бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва илм-фан вазири лавозими жорий этилди. Таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш масалалари котибияти ҳам ташкил қилинди.
Янги лавозим эгаси вазирликлар, қўмиталар, агентликлар ва инспекциялар раҳбарлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги фаолиятини ўз ваколати доирасида умумий бошқариши ва мувофиқлаштириши белгиланди.
Ушбу йўналишлардаги вазифалар ижросини ташкил этиш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари С.Ш. Мирзиёева зиммасига юклатилди.
Изоҳ