Мажмуа 2025 йилда барпо этилган «Кумушкон Resort» лойиҳасининг давоми ҳисобланади. Бу ерда тўртта беш қаватли меҳмонхона, алоҳида бассейнларга эга 51 та дам олиш уйи, 350 ва 700 ўринли ресторанлар ҳамда уч қаватли фудкорт қурилган.
Шунингдек, 2,2 минг квадрат метрли аквапарк, 14 турдаги аттракцион, 650 метрлик зиплайн, картинг трассалари, родельбан, 800 ўринли амфитеатр, сунъий кўл ва ҳайвонот боғи ташкил этилган. Мажмуада 1100 та автомобиль учун автотураргоҳ ҳам мавжуд.
Лойиҳа доирасида туризм соҳаси учун мутахассислар тайёрлаш ҳам йўлга қўйилган. Йил якунига қадар Кумушкон маҳалласидаги ишсиз ёшлар орасидан 300 нафар мутахассис тайёрлаш режалаштирилган.
Меҳмонхоналарни бошқариш Туркиянинг меҳмонхона бизнесида 46 йиллик тажрибага эга «Elite World» компаниясига топширилган. Бу орқали хизмат кўрсатишда халқаро стандартларни жорий этиш кўзда тутилган.
Ҳисоб-китобларга кўра, мажмуа тўлиқ ишга тушгач, 600 та янги иш ўрни яратилади, кунига 6 минг нафаргача меҳмонни қабул қилиш имконияти пайдо бўлади. Йиллик даромад 200 миллиард сўмга етиши кутилмоқда.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг ўтган даврида Паркент туманига 198,2 минг нафар хорижий ва 1,4 миллион нафар маҳаллий сайёҳ ташриф буюрган. Туризм хизматлари экспорти 81,1 миллион долларни ташкил этган.
Давлат раҳбари мажмуа билан танишув давомида хизматлар сифатини ошириш, мавжуд инфратузилмадан самарали фойдаланиш ва ҳудуднинг туристик имкониятларини кенгайтириш масалаларига эътибор қаратди.
Шунингдек, Президентга маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилаётган замонавий қурилиш материаллари кўргазмаси намойиш этилди.
Изоҳ