Ўзбекистон–Туркия бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражали кенгашининг биринчи йиғилишида мамлакатнинг 2030 йилгача бўлган иқтисодий мақсадлари ва ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди. Унда Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этмоқда.
Қайд этилишича, 2030 йилга қадар Ўзбекистонда олтин қазиб олиш ҳажмини 175 тоннага, кумушни 500 тоннага, мис ишлаб чиқариш қувватларини эса 500 минг тоннага етказиш режалаштирилган.
Шунингдек, қайта тикланувчи энергия қувватларини 25 ГВтга, уларнинг электр энергияси ишлаб чиқаришдаги улушини 54 фоизга етказиш кўзда тутилган.
Жиззах вилоятида ташкил этилаётган Атом саноати махсус саноат зонасида 15 та йўналиш бўйича маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган. Ушбу маҳсулотлар Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида барпо этиладиган атом электр станциялари эҳтиёжларига ҳам йўналтирилади.
Электротехника саноатидаги кооперацияни кенгайтириш ҳам иқтисодий ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. 2030 йилга қадар мамлакатда ушбу тармоқ экспортини 5 млрд долларга етказиш ва 11,6 млрд доллар инвестиция жалб қилиш мақсад қилинган.
Шу муносабат билан Туркия компанияларига мисни чуқур қайта ишлаш, электроника, трансформаторлар, маиший техника ва электр ускуналари ишлаб чиқариш бўйича ўзбекистонлик корхоналар билан қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш таклиф этилди.
Изоҳ