Тошкентда эркак ўзининг 12 ва 5 ёшли қизларига нисбатан жинсий зўравонлик содир этганликда гумонланмоқда. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси хабар берди.
Ҳолат аёлнинг ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видео мурожаатидан сўнг маълум бўлган. Унда аёл собиқ турмуш ўртоғи 2014 ва 2021 йилларда туғилган қизларига нисбатан жиноий ҳаракатлар содир этганини айтган.
Аёлнинг сўзларига кўра, у воқеадан 25 июль куни хабар топган. Дастлаб бу ҳақда очиқ гапиришга журъат этмаган, бироқ кейинчалик зўравонликка дуч келган бошқа инсонлар ҳам бу ҳақда гапиришдан қўрқмаслиги учун воқеани ошкор қилишга қарор қилган.
Мурожаатчининг маълум қилишича, унинг аризаси асосида жиноят иши қўзғатилган.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вазият Тошкент шаҳар бошқармаси назоратига олинганини маълум қилди. Ҳозирда Тошкент прокуратураси томонидан тегишли процессуал ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
Шунингдек, «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази мутахассислари оилага психологик ва ҳуқуқий ёрдам таклиф қилган. Бироқ қизларнинг ҳолати ва оилавий вазиятни инобатга олган она ҳозирча ушбу хизматлардан ихтиёрий равишда воз кечган.
Мазкур иш бўйича қўшимча маълумотлар кейинроқ эълон қилиниши билдирилган.
Изоҳ