Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълум қилишича, гап Янги Тошкент ҳудудида «Toshkent Invest Company» АЖ томонидан амалга оширилаётган уй-жой лойиҳалари ҳақида кетмоқда. Мазкур механизм Президентнинг 2026 йил 10 ноябрдаги фармонида назарда тутилган.
Янги тартибга кўра, мулкдорларга ҳозирги квартираси майдонига тенг ёки унинг 150 фоизигача бўлган уй-жой таклиф этилиши мумкин.
Масалан, агар оиланинг ҳозирги квартираси 50 квадрат метр бўлса, унга 75 квадрат метргача бўлган янги хонадон таклиф қилиниши мумкин.
Шунингдек, 70 квадрат метрли битта квартира ўрнига 105 квадрат метргача бўлган кенгроқ хонадон ёки 45 ва 60 квадрат метрли иккита алоҳида квартира бериш варианти ҳам кўриб чиқилиши мумкин.
Ҳокимлик таъкидлашича, келтирилган мисоллар кафолатланган шартлар эмас. Ҳар бир ҳолат кўчмас мулк хусусиятлари ва мулкдорларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда индивидуал тарзда кўриб чиқилади.
Таклифларни тайёрлашда мустақил ташкилотлар жалб этилади. Квартира майдони, сони ва компенсациянинг бошқа шартлари томонлар билан келишилади.
Бунда мулкдорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жараёнларнинг шаффофлиги ва компенсация шартларини ўзаро келишиш асосий тамойиллар бўлиб қолади.
Изоҳ