17 ноябрь куни Ўзбекистон президентининг Ўмонга давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Ўмон Султонлиги Ҳукумати ўртасида ўзаро визадан озод қилиш тўғрисидаги битим имзоланди.
Ҳужжатга кўра, икки давлат фуқаролари амал қилиш муддати камида 6 ой бўлган хорижга чиқиш биометрик паспорти билан визасиз сафар қилишлари мумкин.
Визасиз режим ҳар бир ташрифда 30 кунгача, бир календарь йили давомида эса жами 180 кундан ошмаган муддатда амал қилади.
Мазкур тартиб доимий яшаш, ўқиш ёки меҳнат рухсатномасини талаб қилувчи фаолият учун татбиқ этилмайди.
Белгиланган муддатдан ортиқ қолиш учун қабул қилувчи давлат қонунчилигига мувофиқ виза олиш талаб этилади.
Битимда форс-мажор ҳолатларида бўлиш муддатини бепул узайтириш, паспорт йўқолган ёки шикастланган тақдирда вақтинчалик йўл ҳужжати бериш ва визасиз чиқиш тартиби ҳам белгиланган.
Шунингдек, томонлар номақбул деб топилган шахсларнинг киришини рад этиш ёки бўлиш муддатини қисқартириш ҳуқуқига эга.
Битим икки давлат фуқароларининг ўзаро сафарларини енгиллаштириш, туризм, ишбилармонлик ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ҳужжат томонлар унинг кучга кириши учун зарур ички тартиб-таомилларни бажарганликлари тўғрисидаги сўнгги хабарномани олган санадан 30 кун ўтгач кучга киради.
Изоҳ