Тошкент халқ депутатлари Кенгаши томонидан қабул қилинган қарорга кўра, автобус ҳайдовчиларининг хизмат вазифаларига имконияти чекланган йўловчилар учун пандусларни тушириш мажбурияти қатъий киритилиши керак. Ушбу талабни бажаришдан бош тортган ҳайдовчиларга белгиланган тартибда интизомий жазо чоралари қўлланилади.
Шунингдек, 1 декабрга қадар барча автобуслар ва метро бекатларида ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда болалар аравачасидаги йўловчилар учун мўлжалланган пандус ва бошқа мосламаларнинг созлиги қайта текширилади. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилади.
Автобусларнинг бекатларда тўхташ тартибига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Ҳайдовчилар транспорт воситасини бекат майдончасидаги бордюрга тақаб тўхтатиши шарт бўлади. Бу талабни бузганлик учун интизомий ва молиявий чоралар белгиланган. Қоидаларга риоя этилиши видеокузатув орқали назорат қилинади.
Қарорда қайд этилишича, ногиронлиги бўлган шахслар ва болалар аравачасидаги йўловчилар жамоат транспортларидан фойдаланишда қийинчиликларга дуч келмоқда. Асосий муаммолар сифатида автобусларнинг тиғизлиги, ҳайдовчиларнинг пандусларни туширишдан бош тортиши ва транспорт воситаларининг бордюрдан узоқроқда тўхташи кўрсатилган.
Изоҳ