Миллий статистика қўмитасининг ҳисоботига кўра, 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистонда ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 7,274 млн сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18 фоизга кўп.
Ҳудудлар орасида энг юқори ўртача иш ҳақи ҳануз пойтахтда қайд этилган — 12,301 млн сўм. Бу бир йил аввалги кўрсаткичдан 18,3 фоизга кўп.
Иккинчи ўринда Навоий вилояти 8,821 млн сўмлик кўрсаткич билан қайд этилди. Учинчи ўринни Тошкент вилояти эгаллади — бу ерда ўртача ойлик иш ҳақи 6,89 млн сўмга етди. Энг паст ўртача иш ҳақи Қашқадарё вилоятида қайд этилди — 4,97 млн сўм.
Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўртача иш ҳақи ўсишининг энг юқори суръатлари Наманган вилоятида (20,3 фоиз), Жиззах вилоятида (19,8 фоиз), Тошкент вилоятида (19,1 фоиз) ва Тошкент шаҳрида (18,3 фоиз) кузатилди. Энг паст ўсиш суръати эса Самарқанд вилоятида — 11,5 фоизни ташкил этди.
Иқтисодий фаолият турлари кесимида энг юқори ўртача ойлик иш ҳақи банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолияти соҳасида қайд этилди — 19,713 млн сўм. Кейинги ўринларда ахборот ва алоқа соҳаси (17,007 млн сўм), ташиш ва сақлаш (11,269 млн сўм), саноат (8,366 млн сўм), савдо (7,694 млн сўм) ҳамда қурилиш (7,138 млн сўм) турибди.
Энг паст ўртача иш ҳақи соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасида — 4,454 млн сўм, шунингдек, таълим соҳасида — 5,015 млн сўм миқдорида қайд этилди. Шу билан бирга, ушбу соҳалар иш ҳақи ўсиш суръати бўйича етакчилар қаторига кирди: соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматларда 18,2 фоиз, таълимда эса 19,6 фоиз ўсиш кузатилди. Энг юқори ўсиш ташиш ва сақлаш соҳасида қайд этилди — 19,8 фоиз.
Айрим фаолият турлари кесимида энг юқори иш ҳақи қайта суғурталаш соҳаси ходимларида кузатилди — ойига ўртача 26,868 млн сўм. Молия ва суғурта соҳасидаги ёрдамчи фаолият мутахассислари ўртача 24,419 млн сўм, компьютер дастурлаш, маслаҳат бериш ва бошқа турдош хизматлар соҳаси ходимлари эса 22,276 млн сўм иш ҳақи олган.
Таълим соҳасида олий таълим муассасалари ўқитувчилари ва бошқа ходимларининг ўртача иш ҳақи 11,521 млн сўмни ташкил этди. Техник ва профессионал таълим муассасалари ходимларида бу кўрсаткич 5,352 млн сўм, умумий ўрта таълимда 4,791 млн сўм, мактабгача таълимда эса 2,846 млн сўм бўлди.
Изоҳ