Хусусан, халқаро курьерлик жўнатмаларини божхона расмийлаштируви учун амалдаги йиғим ставкаси 20 фоизга камайтирилади. Айрим шахсларга умумий белгиланган ёшдан икки йил олдин пенсия тайинлаш хизмати проактив шаклда кўрсатилади. Зарарли ва оғир меҳнат шароитларида ишлаган, шунингдек, пенсияга имтиёзли шартларда чиқиш ҳуқуқига эга фуқароларга хизматлар Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилади.
Суюлтирилган газни харид қилиш ва аҳолига етказиб бериш «LPG-Trade» МЧЖ томонидан биржа орқали амалга оширилади. Ижтимоий соҳа объектларига газ бозор тамойиллари асосида шаклланадиган биржа нархларида етказиб берилади.
Жамоат хавфсизлиги соҳасида ҳам янги тартиблар жорий этилади. «112» тизими орқали келиб тушган жиноятлар ҳақидаги хабарларга асосан, ички ишлар органларининг патруль-пост ва қўриқлаш хизмати нарядлари нафақат жамоат жойларида, балки турар жойларда содир этилган ҳодисалар бўйича ҳам воқеа жойига етиб боради. Оммавий тадбирларда жамоат тартибини бузган шахсларнинг кейинги тадбирларга кириши чекланиши мумкин.
Электр энергияси ва табиий газ ҳисобини автоматлаштирилган тизимларга уланган тадбиркорлик субъектлари учун ойлик истеъмол бўйича олдиндан тўлов миқдори 15 фоиз этиб белгиланади.
Бундан ташқари, SMS орқали товарлар, ишлар ва хизматларни реклама қилиш учун абонентнинг ёзма ёки электрон розилигини олиш талаб этилади. Мобил алоқа орқали реклама қўнғироқлари ва хабарномаларини соат 18:00 дан 09:00 гача тарқатиш тақиқланади. Абонент сўровига кўра, мобил алоқа операторлари бундай реклама қўнғироқлари ва хабарларини тўлиқ ёки қисман блоклаши шарт.
Шунингдек, ташкилотлар, жумладан, нодавлат архивлар ҳам ўзларида сақланаётган архив ҳужжатлари ҳақидаги маълумотларни Архив ахборот тизими орқали давлат архивларига тақдим этиши керак бўлади.
Изоҳ