Аввалроқ Фарғонада давлат боғчаларига қатнайдиган болалар оммавий заҳарлангани ҳақида хабар берилган эди. Тана ҳарорати кўтарилиши, қорин оғриғи ва ич кетиши аломатлари билан болалар юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 257-1-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Фарғонадаги 105 нафар боғча тарбияланувчисининг оммавий заҳарланиши билан боғлиқ иш бўйича Фурқат туман жиноят ишлари бўйича суди ҳукм чиқарди. Бу ҳақда UzNews.uz мухбири суд ҳукмига таяниб хабар бермоқда.
Судланувчилар қаторида Garden Catering Trade МЧЖ раҳбари, 42 ёшли Ш. Т., компаниянинг 39 ёшли собиқ директори И. Б., 31 ёшли бухгалтер А. С. ва 48 ёшли технолог Р. А. бўлган.
Иш материалларига кўра, Garden Catering Trade Фарғона, Марғилон, Қувасой шаҳарлари, шунингдек, Қува ва Фарғона туманларидаги 238 та давлат боғчасини озиқ-овқат билан таъминлашни ташкил этган.
20 февраль куни компания Фарғонадаги боғчаларга тайёр озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берган. Кейинчалик 15 та муассасадаги 105 нафар болада қорин оғриғи, кўнгил айниши, қусиш, ич кетиши ва тана ҳарорати кўтарилиши каби заҳарланиш аломатлари кузатилган.
Санитария-эпидемиология хизмати маълумотларига кўра, тайёрланган таом намуналарида Salmonella enteritidis ва Staphylococcus aureus бактериялари аниқланган.
Жабрланганлардан олинган 316 та намуна текширилганда, уларнинг 80 тасида ичак таёқчаси гуруҳи бактериялари, яна 10 тасида эса патоген стафилококк аниқланган.
Экспертиза болаларнинг оммавий касалланиши Garden Catering Trade тайёрлаган маҳсулотларни истеъмол қилиш билан боғлиқлигини тасдиқлаган.
Бундан ташқари, текширувда айрим маҳсулотларнинг сифат сертификатлари мавжуд эмаслиги аниқланган. Санитария органлари 11 461 кг гўшт, 1 528 кг нўхат ва 9 050 кг гуручдан озиқ-овқат мақсадида фойдаланишни тақиқлаган.
Тергов давомида мактабгача таълим муассасаларини озиқ-овқат билан таъминлашда молиявий қоидабузарликлар ҳам аниқланган.
Иш материалларига кўра, компания раҳбарлари ва бош бухгалтер овқатлантириш бўйича кунлик буюртмаларда болалар сонини сунъий равишда ошириб кўрсатган, сохта ҳисоботлар тузган ва бюджет маблағларини олиш учун тақдим этган.
Хусусан, 330,8 млн сўм ноқонуний ўзлаштирилган. Яна 263,3 млн сўм озиқ-овқат маҳсулотлари қийматини ҳисоблашдаги қоидабузарликлар натижасида олинган.
Компаниянинг собиқ директори И. Б. ишлаган даврда Қувасойдаги 22 та боғча бўйича ҳужжатларда асоссиз равишда 30 фоизлик қўшимча устама ҳисобланган. Натижада 171,1 млн сўм ноқонуний ўзлаштирилган.
Шунингдек, истеъмолга яроқсиз деб топилган ва етказиб берувчига қайтарилган озиқ-овқат маҳсулотлари учун 53,4 млн сўм олинган. Компания маҳсулотлар етказиб берилгани ҳақида ҳужжатларни расмийлаштириб, уларни тўлаш учун тақдим этган.
Бундан ташқари, тарбияланувчилар сонини сунъий ошириш ҳолатлари аниқланган. Натижада тўлов учун 70,8 млн сўмлик ҳисоб-китоб тақдим этилган.
Компания Қувасойдаги боғчалардан бирининг электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган. Етказилган зарар 105,89 млн сўмга баҳоланган.
Жиноят иши бўйича давлат бюджетига етказилган зарар 1,1139 млрд сўмни ташкил этган.
Суд компания раҳбари Ш. Т.ни Жиноят кодексининг 257-1-моддаси, 169-моддаси 2-қисми «д» банди, 167-моддаси 3-қисми «а» банди ҳамда 228-моддасининг 2-қисми «б» банди ва 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топган.
Унга 3 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Қамоқда сақланган вақт ҳисобга олингач, жазонинг якуний муддати 3 йил 9 кунни ташкил этган.
Компания технологи Р. А. Жиноят кодексининг 257-1-моддаси 1-қисми бўйича айбдор деб топилиб, унга 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Қамоқда сақланган вақти ҳисобга олингач, жазонинг якуний муддати 2 йил 6 ой 9 кунни ташкил этган.
Компаниянинг собиқ директори И. Б. ва бош бухгалтер А. С. Жиноят кодексининг 167 ва 228-моддалари бўйича айбдор деб топилган. Уларнинг ҳар бирига уч йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Бунда иш ҳақининг 20 фоизи давлат даромадига ушлаб қолинади.
Суд, шунингдек, жиноят иши бўйича етказилган зарарни қоплаш учун давлат бюджетига 1,1139 млрд сўм ўтказишни белгилаган. Электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш натижасида етказилган 105,89 млн сўм зарар ҳам қопланиши лозим.
Изоҳ