Тошкент халқ депутатлари Кенгаши 2026 йил III чораги якунлари бўйича жамоат транспорти фаолиятини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида қарор қабул қилди.
Ҳужжатга мувофиқ, пойтахт Транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси ҳамда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖга асосий йўналишларга қўшимча автобуслар чиқариш орқали ҳаракат интервалини 3–5 дақиқагача қисқартириш чораларини ишлаб чиқиш топширилди.
Бу ўзгаришлар эрталаб соат 07:00 дан 09:30 гача, кечқурун эса 17:00 дан 19:30 гача бўлган тирбандлик вақтларини қамраб олади. Мазкур йўналишдаги ишларни 15 ноябрдан бошлаш белгиланган.
Шунингдек, тиғиз вақтларда автобуслар ҳаракати учун қатъий жадваллар жорий этилади. Уларнинг бажарилиши марказлашган диспетчерлик хизмати ва GPS мониторинги орқали ҳар куни назорат қилиб борилади.
Тошкент метрополитенига 20 ноябрга қадар поездлар ҳаракати интервалини 2–3 дақиқагача қисқартириш ва Чилонзор, Ўзбекистон, Юнусобод ҳамда ер усти ҳалқа йўналишларида 5 вагонли поездлар ҳаракатини йўлга қўйиш бўйича чораларни белгилаш топширилди.
Бу ўзгаришлар метронинг эрталабки (07:30–09:30), кундузги (12:00–14:00) ва кечки (17:00–19:30) тиғиз вақтларига тааллуқли.
Бундан ташқари, 20 декабрга қадар йўловчилар оқими юқори бўлган 25 та йўналишга катта сиғимли бўғинли автобусларни чиқариш чораларини кўриш тавсия этилди. Бунда Учтепа, Миробод, Сергели ва Янгиҳаёт туманларига алоҳида эътибор қаратилади.
Масъул ташкилотлар 15 ноябрга қадар 2027 йил давомида шаҳар автобус саройларини катта сиғимли транспорт воситалари билан қўшимча таъминлаш бўйича таклифларни ҳокимликка киритиши керак.
Изоҳ