• БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Uz
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Жамият Бугун, 12:42

Ўзбекистонда шифокорларга электромобиль, тиббиёт ходимларига эса 5,5 млн сўмгача устама берилади

Президент Шавкат Мирзиёев тиббиёт соҳасида «Янги Ўзбекистон тиббиёт стандартлари» жорий этилишини маълум қилди.

164
0
president.uz

Давлат раҳбари бу ҳақда Кўксарой қароргоҳида соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан учрашувдаги нутқида айтиб, тиббиётда таълим сифати, санитария-гигиена, беморлар хавфсизлиги ва ходимлар маданиятини ошириш муҳимлигини таъкидлади.

Янги ташаббуслар доирасида бирламчи бўғин тиббиёт ходимлари босқичма-босқич махсус кийим-бош билан бепул таъминланади. Жорий йил илк бор туман даражасидаги энг яхши шифокор ва ҳамшираларни аниқлаш бўйича вилоят танловлари ўтказилмоқда. Ғолибларга 30 миллион сўмдан мукофот берилади.

Келаси йилдан вилоят босқичида ғолиб бўлган 14 нафар шифокор электромобиль билан тақдирланади. Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи энг яхши 10 та лойиҳа муаллифига эса 200 миллион сўмдан грант ажратилади.

Президент малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш масаласига ҳам тўхталди. Ҳозир 11 та давлат олийгоҳида йилига 15 минг нафар шифокор тайёрланмоқда. Бироқ барча битирувчилар ҳам иш бошлаган биринчи кундан беморлар билан ишлашга тайёр эмас.

Шу сабабли, келаси йилдан тиббиёт талабалари ҳафтасига уч кун беморлар билан ишлашни ўрганади. Битирувчилар эса охирги ўқув йилида тўлиқ тиббиёт муассасасида амалиёт ўтайди.

Шунингдек, бакалавриатни тамомлаган ҳамшира ва тиббиёт оғаларига 1,5 миллион сўм, магистратурани битирганларга 2,5 миллион сўм қўшимча устама тўланади. Оилавий шифокорлик бўйича тор соҳа мутахассислари учун устама 5,5 миллион сўмни ташкил этади.

164
0

Изоҳ