• БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Uz
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Жамият Бугун, 20:32

Тошкентда қарийб 18 км узунликдаги яна тўртта BRT йўлаги ташкил этилади

Пойтахтнинг Мукими, Қоратепа, Кўкча Дарвоза, Паркент кўчалари ва Мирзо Улуғбек шоҳкўчасида автобуслар учун алоҳида йўлаклар ташкил этилади. Лойиҳаларни тайёрлаш ва буюртмачи харажатлари учун дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 6,5 млрд сўм ажратиш режалаштирилган.

38
0
uznews.uz

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов 29 октябрь куни пойтахтда автобуслар учун алоҳида йўлаклар ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Ҳужжатга мувофиқ, шаҳарнинг тўртта йўналишида таъмирлаш ишларини амалга ошириш ва BRT — тезкор автобус қатнови тизими бўйича алоҳида йўлаклар ташкил этиш режалаштирилган. Участкаларнинг умумий узунлиги 17,9 кмни ташкил этади.

Ишлар қуйидаги йўналишларда амалга оширилади:

  • Мукими кўчаси — Яккасарой ва Чилонзор туманлари ҳудудидан ўтувчи 4,6 кмлик қисм;
  • Қоратепа ва Кўкча Дарвоза кўчалари — Шайхонтоҳур туманидаги 4,2 кмлик қисм;
  • Паркент кўчаси — Мирзо Улуғбек туманидаги 2,8 кмлик қисм;
  • Мирзо Улуғбек шоҳкўчаси — шу тумандаги 6,3 кмлик қисм.

Ишларга буюртмачи этиб «Toshkent Invest kompaniyasi» АЖ белгиланган. Компания қонунчиликда белгиланган тартибда бош лойиҳа ташкилотлари, пудратчилар ҳамда техник назорат ташкилотлари ёки муҳандис-маслаҳатчиларни танлашни таъминлаши керак.

Лойиҳаларни молиялаштириш тижорат банклари кредитлари, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Йўл ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Тошкент шаҳарни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Шунингдек, лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш ва буюртмачининг харажатларини қоплаш учун Тошкент шаҳарни ривожлантириш жамғармасидан дастлабки тарзда 6,5 млрд сўм ажратиш чораларини кўриш топширилган.

Кўчаларни таъмирлашдан олдин коммунал ташкилотлар режалаштирилган муҳандислик тармоқларини қуриш, таъмирлаш ва кўчириш ишларини бажариши лозим.

Зарур ҳолларда йўл-таъмирлаш ишлари олиб бориладиган участкаларда автомобиллар ҳаракати вақтинча чекланиши мумкин.

Қарорда таъкидланишича, алоҳида автобус йўлакларини ташкил этишдан мақсад — пойтахт кўчаларида жамоат транспорти устуворлигини ошириш ва йўловчилар учун қулай шароит яратиш.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Тошкентда BRT тизимини қуриш ишлари Сергели туманидаги Янги Сергели кўчаси ва Юнусобод туманидаги Амир Темур шоҳкўчасида бошланган эди.

Манбалар: ҳоким қарори, UzNews.uz.

38
0

Изоҳ