Аввалроқ «Док-1 Макс» сиропини истеъмол қилиш оқибатида болалар вафот этгани билан боғлиқ шов-шувли иш ҳақида хабар берилган эди.
Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича судининг ижро ҳужжатларига мувофиқ, Мажбурий ижро бюроси томонидан жабрланганларга жами 82 млрд сўм компенсация ундирилиши керак бўлган.
Бироқ айбдорларга тегишли хатланган мол-мулкни сотиш жараёни чўзилиб кетгани сабабли, шу пайтгача ушбу маблағнинг атиги 20 фоизи — 16,8 млрд сўми тўланган эди. Қолган компенсациялар бир неча йил давомида тўланмай келган.
Шу муносабат билан Президент жабрланган оилаларга етказилган моддий ва маънавий зарарни тўлиқ қоплаш ишларини тезлаштириш бўйича топшириқ берди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилишича, мазкур топшириқ асосида давлат бюджетидан 65,2 млрд сўм ажратилган.
Ҳозирга қадар 88 нафар жабрланувчига жами 80 млрд сўм компенсация тўланган. Жумладан:
- 72 нафар вафот этган боланинг оилаларига — 72,2 млрд сўм;
- даволанган ёки ҳозирда даволанаётган 16 нафар боланинг оилаларига — 7,8 млрд сўм.
Банк карталари билан боғлиқ техник масалалар ҳал этилганидан сўнг, яна икки нафар боланинг оилаларига қолган 2 млрд сўм компенсация тўлиқ тўланади.
Давлат бюджетидан ажратилган 65,2 млрд сўм айбдорларнинг мол-мулкини сотишдан тушган маблағлар ва улардан ундириладиган қарздорлик ҳисобидан республика бюджетига қайтарилиши маълум қилинган.
Айни пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, тегишли давлат ташкилотлари ва идоралар вакиллари республика тиббиёт марказлари шифокорлари билан биргаликда жабрланган оилалар ҳолидан хабар олмоқда. Болаларга қўшимча тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилмоқда.
Изоҳ