Аввалроқ Таиланд Туризм ва спорт вазирлиги ўзбекистонликларга мамлакатга 15 кунгача визасиз киришга рухсат беришни таклиф қилгани ҳақида хабар берилган эди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу маълумотларга изоҳ берди.
«Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги жорий йил май ойидан бошлаб фуқароларимизнинг Таиланд Қироллиги ҳудудига ташриф буюриши учун қулай шароитлар яратишга қаратилган фаол дипломатик чора-тадбирларни амалга оширмоқда», — деди вазирлик матбуот котиби Омонулла Файзиев.
Хусусан, Таиланд ташқи ишлар идораси билан бир қатор тўғридан-тўғри музокаралар ўтказилган. Уларда Ўзбекистон ва Таиланд ўртасида визасиз сафарлар тўғрисидаги келишувни имзолаш бўйича келишувга эришилган.
Ҳозирда ҳужжат матни Таиланд томонидан кўриб чиқилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари Таиланднинг электрон визаларини расмийлаштиришда дуч келаётган муаммоларни ҳал қилиш бўйича ҳам изчил дипломатик ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистоннинг Таиланддаги Бош консуллиги ташқи ишлар ҳамда туризм ва спорт вазирликлари билан мунтазам икки томонлама учрашувлар ўтказмоқда. Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси эса Таиланднинг Москвадаги дипломатик ваколатхонаси билан яқин ҳамкорлик қилмоқда.
Изоҳ