23 октябрь куни Тошкентдаги «Ўзбекистон» халқаро форумлар саройида The Hollywood Reporter нашри ҳамкорлигида ташкил этилган Chaplin Awards киномукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда афсонавий актёр ва режиссёр Чарли Чаплиннинг набираси Киара Чаплин иштирок этди.
Маросимда кинематография ривожига салмоқли ҳисса қўшган соҳа вакиллари тақдирланди.
Кечанинг асосий воқеаларидан бири россиялик актриса Леонела Мантуровага «Олтин ҳасса» (Golden Cane) мукофотининг топширилиши бўлди. Мукофотни унга шахсан Киара Чаплин топширди. Актриса тарихий фильмларда кучли аёл образларини маҳорат билан гавдалантиргани учун эътироф этилди.
Шунингдек, ўзбек кинорежиссёри Шухрат Аббосов кинематография ривожига қўшган ҳиссаси учун вафотидан кейин мукофот билан тақдирланди. Мукофотни унинг ўғли Элжон Аббосов қабул қилиб олди. Ушбу эътироф нафақат оиласи, балки халқаро майдондаги ўзбек киноси учун ҳам катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Бундан ташқари, The Hollywood Reporter таҳририяти Борис Ханчалянни киноиндустрияга қўшган салмоқли ҳиссаси учун Featured Producer мақоми билан тақдирлади.
Маросим якунида томошабинларга 2025 йилда Ўзбекистонда премьераси бўлиб ўтган «Haqqim bor» фильми намойиш этилди. Картина зўравонликни бошдан кечирган болалар, уларнинг орзу-умидлари, ички кечинмалари ва жамиятда ўз ўрнини топишга интилиши ҳақида ҳикоя қилади.
Тадбир доирасида маҳаллий ва хорижий мутахассислар иштирокида фильм намойишлари ҳамда учрашувлар ҳам ўтказилди. Улар тажриба алмашиш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилди.
Эслатиб ўтамиз, 24 октябрь куни Тошкентда яна бир тантанали маросим — Golden Globes Silk Road Tribute Gala ўтказилиши режалаштирилган.
Изоҳ