Тошкент шаҳрида тезкор автобус қатнови тизими — BRTни босқичма-босқич ривожлантириш ишлари давом этмоқда. Лойиҳанинг навбатдаги босқичи Сергели туманидаги Янги Сергели кўчаси ва Юнусобод туманидаги Амир Темур шоҳкўчасини қамраб олди. Бу ҳақда шаҳар Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази (ЙҲТМ) хабар берди.
Шу муносабат билан 25 октябрдан бошлаб мазкур ҳудудларда ҳаракат вақтинча чекланмоқда.
ЙҲТМ маълум қилишича, йўллар тўлиқ ёпилмайди. Қурилиш ишлари йўлнинг ўрта қисмида, BRT йўлаклари ташкил этиладиган ҳудудда олиб борилади. Қолган ҳаракат полосалари очиқ қолади ва транспорт воситалари ҳаракати давом этади.
Қурилиш ишлари қуйидаги йўл қисмларини қамраб олади:
— Янги Сергели кўчаси — 1 368 метр. Бошланиш нуқтаси — Янги Сергели ва Чоштепа кўчалари кесишмаси, тугаш нуқтаси — SOUEAST сервис маркази биноси олди.
— Амир Темур шоҳкўчаси — 1 430 метр. Бошланиш нуқтаси — Амир Темур шоҳкўчаси ва Аҳмад Дониш кўчаси кесишмасидаги йўл ўтказгич, тугаш нуқтаси — Амир Темур шоҳкўчаси ва Шаҳристон кўчаси кесишмаси.
Қурилиш даврида йўлнинг бошқа полосаларида ҳаракат сақланиб қолишига қарамай, ушбу ҳудудларда вақтинчалик тирбандликлар юзага келиши мумкин.
Ҳайдовчиларга сафарларини олдиндан режалаштириш, вақтинчалик йўл белгилари талабларига риоя қилиш ва зарурат бўлганда муқобил йўналишлардан фойдаланиш тавсия этилди.
Изоҳ