Бугун, 7 июль куни пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси марказида йилнинг энг нуфузли тадбирларидан бири — «I Халқаро ислом цивилизацияси форуми: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли» халқаро анжумани ўз ишини бошлади.
Форум Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ислом олами таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилот (ICESCO) ҳамда қатор халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.
Нуфузли анжуманда дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатидан ташриф буюрган 300 нафарга яқин давлат ва жамоат арбоблари, вазирлар, муфтийлар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, етук олимлар ва экспертлар иштирок этмоқда.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов давлат раҳбарининг халқаро форум иштирокчиларига йўллаган мурожаатини ўқиб эшиттирди.
“Юртимиз тарихида амалга оширилган, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс деб ном олган буюк юксалиш даврларида эришилган ноёб илмий-маданий ютуқлар ҳозирги кунда ҳам инсониятни янги марралар сари руҳлантириб келмоқда. Бугунги кунда Янги Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорликда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлидан қатъият билан бормоқда.
Биз мазкур янги Уйғониш даврини илм-фан, инновациялар, замонавий таълим, жамиятнинг маънавий-интеллектуал ўсиши, бой тарихий меросимизга чуқур ҳурмат ва ҳар бир инсоннинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқаришга асосланган янги тараққиёт босқичи сифатида кўрамиз.
Шу боис, мамлакатимизда ислом цивилизациясининг бой ва бетакрор меросини қайта тиклаш, асраб-авайлаш, ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди”, - дейилади табрикда.
Изоҳ