Бухоро вилояти Когон шаҳрида яшовчи 32 ёшли фуқаро Россия Қуролли кучлари билан шартнома тузиб, Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларда иштирок этгани учун жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Когон шаҳар судининг ҳукмида айтилган.
Суд материалларига кўра, М.Б. 2024 йил май ойида Россия Мудофаа вазирлиги билан бир йиллик шартнома имзолаб, ҳарбий хизматга кирган. У Владивосток, Запорожье вилояти ва Новополь ҳудудларида бўлиб, Украинага қарши урушда иштирок этган. Уруш вақтида жароҳат олган фуқаро 2025 йил октябрь ойида Ўзбекистонга қайтиб келган.
Терговда унинг Россия армияси ҳарбий кийимида тушган фотосуратлари, Россия Мудофаа вазирлиги билан тузган шартномаси ҳамда бошқа далиллар ўрганилган. Судланувчи айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймон эканини билдирган.
Суд уни Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми ва 154-1ғмоддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топди. Дастлаб 3 йил озодликдан маҳрум қилиш ва 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди, кейин эса жазоларни қисман қўшиш орқали унга узил-кесил 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди. Жазо умумий тартибли колонияда ўталади.
Изоҳ