• 12 013 сўм
    -36.04
  • 13 831 сўм
    -193.31
  • 164 сўм
    -0.05
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Uz
  • 12 013 сўм
    -36.04
  • 13 831 сўм
    -193.31
  • 164 сўм
    -0.05
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Жамият Бугун, 15:26

Ўзбекистон судларида коррупция ва манфаатлар тўқнашувига қарши кураш кучайтирилади

Президент фармони билан суд аппарати ходимларининг даромад ва мол-мулкини декларация қилиш тизими жорий этилиб, хорижда ҳисобрақам ва активларга эгалик қилиш бўйича чекловлар ўрнатилади.

148
0
uznews.uz

Президент томонидан судларда комплаенс-назорат тизими самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни назарда тутувчи фармон қабул қилинди.

Комплаенс-назорат хизмати ташкил этилади

Олий суд аппаратида суд аппарати ходимлари ўртасида коррупциянинг олдини олиш, жумладан, манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини аниқлаш ва тартибга солиш учун Комплаенс-назорат хизмати тизими ташкил этилади.

Мазкур хизмат ходимларига суд аппарати ходимларининг одоб-ахлоқи, хизмат ва хизматдан ташқари вақтда умумэътироф этилган этика қоидаларига риоя қилиши билан боғлиқ масалалар бўйича хизмат текширувларини ўтказиш ваколати берилади.

Шунингдек, улар суд аппарати ходимлари ва уларнинг оила аъзоларининг даромад ва мол-мулкини декларация қилиш, манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини ҳисобга олиш тизимларини юритиш, маҳаллийчилик ва уруғ-аймоқчилик ҳолатларининг олдини олиш билан шуғулланади.

Коррупциянинг олдини олиш чоралари

Олий судга 1 сентябрга қадар суд аппарати фаолиятида коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастури ҳамда коррупция хавфи юқори бўлган лавозимлар рўйхатини тасдиқлаш топширилди.

2027 йил 1 мартга қадар коррупция хавфи юқори бўлган вазифалар ва функцияларни рақамлаштириш, уларни амалга оширишда инсон омилини қисқартириш чоралари кўрилади.

2027 йил 1 майга қадар суд аппарати ходимлари томонидан манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари, даромад ва мол-мулк ҳақидаги декларацияларни тақдим этиш, текшириш ва таҳлил қилиш учун автоматлаштирилган электрон тизим ишга туширилади.

Бундан ташқари, коррупцияга шароит яратадиган бўшлиқлар, шубҳали схемалар ва интизом бузилишларини аниқлаш ҳамда бартараф этиш имконини берувчи коррупция хавфларини бошқариш тизими жорий этилади.

Ишга қабул қилишда чекловлар жорий этилади

Олий судга суд аппарати ходимларини ишга қабул қилиш ва меҳнат фаолияти билан боғлиқ чекловларни назарда тутувчи низомни тасдиқлаш вазифаси юклатилди.

Унга кўра, қуйидаги шахсларни ишга қабул қилишга йўл қўйилмайди:

  • коррупция жиноятлари учун суд томонидан айбдор деб топилган шахслар;
  • нотариус, адвокат, судья, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ёки бошқа давлат органи ходими сифатида фаолият юритган вақтда обрўсизлантирувчи хатти-ҳаракат содир этгани учун лавозимидан озод қилинган ва шу вақтдан бошлаб 3 йил ўтмаган шахслар.

Шунингдек, суд аппарати ходимларига:

  • педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари бошқа ҳақ тўланадиган иш билан шуғулланиш;
  • сиёсий партиялар, жамоат бирлашмалари ёки жисмоний ва юридик шахслар манфаати йўлида хизмат вазифаларини бажариш;
  • хорижда ҳисобрақам очиш ва унга эгалик қилиш, шунингдек, Ўзбекистондан ташқарида кўчмас мулк ва бошқа активларга эгалик қилиш тақиқланади.

Суд аппаратига ишга қабул қилиш очиқ танлов асосида амалга оширилиб, номзодларнинг шахсий, касбий, маънавий ва ҳалоллик сифатлари холис баҳоланади.

Суд ишларини тақсимлаш тизими такомиллаштирилади

Олий судга суд ишларини автоматик тақсимлаш дастурини такомиллаштириш вазифаси юклатилди. Бунда ишларни бир судьядан бошқасига асоссиз ўтказиш ҳолатларининг олдини олиш чоралари назарда тутилади.

148
0

Изоҳ