Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари ва делегация аъзолари "Icahn Stadium" стадионига киришдан олдин текширувдан ўтаётгани акс этган видео тарқалганди. Кадрларда хавфсизлик ходимлари қўл металл детекторлари ёрдамида ўйинчиларни текшираётгани, шунингдек, жамоанинг юкларини кўздан кечираётгани акс этган. Текширув ҳудудида хизмат итлари ва хавфсизлик хизмати ходимлари бўлган.
Видео эълон қилингач, бир қатор хорижий оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон жамоасига нисбатан ғайриоддий қатъий хавфсизлик чоралари кўрилгани ҳақида хабар берди. Кейинчалик Фабио Каннаваро ўзининг ижтимоий тармоқларида бу ҳолатга изоҳ бериб, бундай текширувлар йирик халқаро мусобақалар иштирокчилари учун одатий жараён эканини таъкидлади.
"Мен оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон миллий терма жамоаси текширувидан ўтказилгани ҳақидаги суратлар ва сарлавҳаларни кўрдим. Вазиятга ойдинлик киритмоқчиман. Бу оддий, стандарт хавфсизлик чоралари эди. Жаҳон чемпионати иштирокчилари саёҳатга чиққанда оддий йўловчилар каби аэропорт терминалларидан ўтмайди, балки махсус автобусларда тўғридан-тўғри самолётга етказилади. Шунинг учун барча зарур текширувлар тўғридан-тўғри учиш-қўниш йўлагида амалга оширилади. Бу одатий амалиёт," - деди Каннаваро.
Италиялик мураббийнинг сўзларига кўра, худди шундай жараён Нидерландия билан ўйин олдидан ҳам ўтказилган.
"Ўйиндан олдин бизни стадионда текширишди. Бу ҳам нормал ҳолат ҳисобланади. Ҳар бир ўйин олдидан жамоалар жўнаб кетишдан олдин меҳмонхонада ёки бевосита аренада кўрикдан ўтказилади. Ҳеч қандай жанжал ёки ҳурматсизлик бўлмаган. Турнир ва тадбирларнинг ташкил этилиши бенуқсон бўлди," - деди бош мураббий.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси орқали АҚШнинг тегишли органларига ушбу воқеа юзасидан расмий тушунтириш бериш илтимоси билан сўров юборилганини маълум қилди.
"Хавфсизлик чоралари давлатларнинг ички қоидаларига мувофиқ амалга оширилишини тушунган ҳолда, бундай жараёнлар ўзаро ҳурмат ва дўстона муносабатларга асосланган спорт тадбирларининг руҳига зид келмаслигини муҳим деб ҳисоблаймиз," - деди Ўзбекистон ТИВ матбуот котиби Омонулла Файзиев.
Изоҳ