Ўзбекистонда замонавий оилалардаги энг кенг тарқалган муаммо телефонлар, интернет ва ижтимоий тармоқларнинг таъсири ҳисобланади. Бу ҳақда «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган социологик тадқиқот натижаларида маълум қилинди.
Тадқиқотга кўра, респондентларнинг 45 фоизи телефон, интернет ва ижтимоий тармоқларни замонавий оилаларнинг асосий муаммоси сифатида қайд этган. Бу кўрсаткич молиявий қийинчиликларни кўрсатганлар улуши (41,7 фоиз), эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликлар (28,3 фоиз) ҳамда қариндошларнинг оилавий ҳаётга аралашуви (21,3 фоиз)дан юқори бўлган.
Сўров натижалари ёшлар орасида мазкур муаммо айниқса долзарб эканини кўрсатган. Жумладан, 18–24 ёшдаги иштирокчиларнинг 51 фоизи, 25–34 ёшдагиларнинг 46,2 фоизи ва 35–44 ёшдагиларнинг 46,1 фоизи телефонлар ва ижтимоий тармоқлар таъсирини оилавий муаммоларнинг асосий омилларидан бири сифатида баҳолаган.
Тадқиқот доирасида оилани сақлаб қолишга хизмат қилувчи омиллар ҳам ўрганилди. Сўров иштирокчилари фикрича, ажримларнинг олдини олишда ўзаро ҳурмат ва ишонч (48,7 фоиз), оғир ҳаётий вазиятларда бир-бирини қўллаб-қувватлаш (35,2 фоиз), очиқ ва самимий мулоқот (21,5 фоиз), шунингдек, муроса қилишга тайёрлик (19,4 фоиз) муҳим аҳамиятга эга.
Бундан ташқари, респондентларнинг 18,5 фоизи телефон, интернет ва ижтимоий тармоқларнинг оилавий ҳаётга салбий таъсирини камайтириш ҳам ажримлар профилактикасига хизмат қилишини таъкидлаган.
Тадқиқот муаллифларининг қайд этишича, бугунги кунда оила институтига бир вақтнинг ўзида бир нечта омил таъсир кўрсатмоқда. Рақамли технологиялар билан бир қаторда иқтисодий муаммолар ва шахслараро муносабатлар билан боғлиқ масалалар ҳам муҳим ўрин тутади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда оилавий фаровонлик ва бахт даражасини ўрганиш мақсадида ўтказилган социологик сўров натижалари эълон қилинган эди. Унга кўра, мамлакатда оилавий бахтнинг умумий индекси 0,618 баллни ташкил этиб, оилавий фаровонликнинг юқори даражасини кўрсатган.
Изоҳ