Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида меҳнат муносабатларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланди.
Ҳужжат билан амалдаги қонунчиликка бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилди. Хусусан, ишга қабул қилишда талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхатини қисқартириш режалаштирилган.
Таклиф этилаётган тартибга кўра, фуқарони ишга қабул қилишда унинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) талаб этилади. Ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар ҳарбий билет ёки ҳарбий рўйхатга олинганлик тўғрисидаги гувоҳномани тақдим этишлари керак бўлади.
Шунингдек, ишга жойлаштиришда электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирма тақдим этишни бекор қилиш режалаштирилмоқда. Электрон рақамли имзо ёки Face ID биометрик идентификатори билан тасдиқланган ҳужжатлар ҳуқуқий жиҳатдан қўлда имзоланган ҳужжатларга тенглаштирилади.
Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳаси меҳнат муносабатларини расмийлаштиришни соддалаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, шунингдек, ходимлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 124-моддасига мувофиқ, ишга қабул қилишда қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:
- паспорт (ID-карта), 16 ёшгача бўлган шахслар учун - туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ва яшаш жойидан маълумотнома;
- меҳнат дафтарчаси, ўриндошлик асосида ишга жойлашаётганлар учун - асосий иш жойидан маълумотнома;
- ҳарбий билет ёки қайд этиш гувоҳномаси (ҳарбий хизматга мажбурлар ёки чақирилувчилар учун);
- ушбу ишни бажариш ҳуқуқини берувчи диплом ёки гувоҳнома - фақат махсус маълумотга эга бўлган шахслар бажариши мумкин бўлган ишга киришда.
Изоҳ