Аввалроқ, Марказий банк Humans сервис ҳамкори - Octagram’нинг P2P операцияларини вақтинча тўхтатиб қўйгани ва пул маблағларини ноқонуний ечиб олиш бўйича мурожаатлар фонида текширув бошлагани ҳақида хабар берган эдик.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Humans иловасига бириктирилган баъзи банк карталаридан уларнинг хабардорлигисиз пул ечиб олингани ҳақида хабар беришди. Айримларнинг айтишича, уларнинг картасидан 20-30 млн сўмгача пул ечиб олинган. Пул нолга тенг бўлгунча ҳисобдан ечиб олинган ҳолатлар ҳам қайд этилган.
"Humans Companies" АЖ ҳодисага изоҳ берди.
Маълум қилинишича, 4 декабрдан 8 декабргача Humans фойдаланувчиларининг бир қисми банк карталари бўйича икки марта фирибгарлик тўлқинидан азият чеккан. Жиноятчиларга рухсатсиз ҳисобдан чиқариш имконини берган заифлик Humans ҳамкори - ҳуқуқ эгаси "OCTAGRAM" АЖ бўлган Paylov тўлов хизматининг техник контурида жойлашган эди.
Humans Paylov инфратузилмасидаги заифликларни текшириш ва бузғунчиларни аниқлаш учун техник материалларнинг тўлиқ тўпламини регулятор ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширди.
Жабрланган мижозларга маблағларни қайтариш масалаларини тартибга солиш қонунчилик талабларига мувофиқ амалга оширилади.
Компаниянинг фикрича, ушбу ҳодисани ҳал қилишнинг ягона мақбул модели қонунда белгиланган тартиб-қоидалар доирасида жабрланган мижозларга етказилган зарарни тўлиқ ва шаффоф қоплашдир.
"Барча фирибгарлик операциялари Humans иловаси билан ўзаро алоқасиз, мижозлар иштирокисиз ва ОТР-кодларини киритмасдан амалга оширилган. Фирибгарлар машина сўровларини тўғридан-тўғри Paylov API’га юборган ва Pаylov масъул бўлган карта токенлари ва калитларига кириш имконияти туфайли ҳисобдан чиқаришни бошлашлари мумкин эди.
Фроднинг биринчи тўлқинидан сўнг Paylov киришни чеклаш бўйича етарли чоралар кўрмади, шу жумладан сўровлар келган рухсатсиз IP-манзилларни блокламади. Бу эса такрорий ҳужумга олиб келди. Фирибгарлик транзакциялари нафақат Humans мижозларига таъсир қилди, балки операцияларнинг бир қисми бошқа тўлов ташкилотлари фойдаланувчиларининг карталари бўйича амалга оширилди," - дейилади компания хабарида.
Ҳозирда Humans иловасида Paylov хизмати орқали P2P ўтказмалари вақтинча тўхтатилган. Чекловлар фақат P2P ўтказмаларига тааллуқли, чунки айнан шу функция Пайлов инфратузилмасидан фойдаланади, у ерда заифлик аниқланган.
"HUMANS’нинг қолган барча хизматлари, жумладан, уяли алоқа хизматлари, HUMANS Market савдо майдончаси, HUMANS Яхши бозорларидан маҳсулотларни етказиб бериш хизмати ва бошқа функциялар одатдагидек ишлайди," - дея таъкидлади компания.
Изоҳ