Келгуси йилдан бошлаб Ўзбекистонда сунъий интеллект интернет операторлари фаолияти йўлга қўйилади ва улар олис ҳудудларда юқори тезликдаги интернетни таъминлайди. Улар 5 йил муддатга ер, мол-мулк, фойда ва қўшилган қиймат солиқларини тўлашдан озод қилинади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Давлат раҳбари, шунингдек, тармоқлар ва ҳудудларда сунъий интеллект инфратузилмасига ўсиб бораётган талабни фақат давлат маблағлари ҳисобидан қоплаб бўлмаслигини аниқ тушуниш кераклигини таъкидлади.
Келгусида IT-Парк лойиҳасининг бугун бошланган иккинчи босқичи доирасида Саудия Арабистонининг "Дата Volt" компанияси билан биргаликда 12 мегаватт қувватга эга 150 миллион долларлик маълумотлар маркази ишга туширилади.
Кейинги босқичда қўшимча 3 миллиард доллар инвестиция ҳисобига қувватларни 500 мегаваттга етказиш режалаштирилган.
Инвесторлар учун янада жозибадор шароитлар яратиш, замонавий суперкомпютер кластерлари ва дата-марказлар тармоғини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
Бундай марказлар харажатларининг қарийб 70 фоизи электр энергиясига тўғри келгани сабабли, инвесторлар тарифларни пасайтириш масаласини кўтарди.
Бу борадаги ишларни Қорақалпоғистонда бошлашга қарор қилинди. Сунъий интеллект инфратузилмасига 100 миллион доллардан ортиқ сармоя киритаётган инвесторлар учун электр энергияси тарифи ҳар бир кВт/соат учун 5 центни ташкил этади. Шунингдек, уларга IT-Park имтиёзлари татбиқ этилади ва олиб кириладиган ускуналар божхона тўловларидан озод қилинади.
"Бу қадам сунъий интеллект соҳасида катта силжиш қилиш билан бирга, Қорақалпоғистон иқтисодиёти ривожига ҳам салмоқли ҳисса қўшади," - деди давлат раҳбари.
Изоҳ