Сирдарёда икки йигит Cobalt машинасини олиб қочди. Шундан сўнг эса йигитлардан бири уларни йўлда тўхтатмоқчи бўлган ички ишлар ходимини пичоқлади. Бу ҳақда «Миллий ахборот» дастурида маълум қилинди.
Маълум бўлишича, 18 ёшли икки йигит Самарқандда йўловчи сифатида машинага чиқишган. Ҳайдовчи йўлда тўхтаб, ҳожатхонага кириб кетган вақтида йигитлар Cobalt’ни олиб қочган.
Тезкор хабарга кўра, ходим Cobalt машинасини олиб қочган фуқароларни тўхтатмоқчи бўлган вақтда йигитлардан бири ички ишлар ходимига ўткир тиғли жисм билан ташланиб, жароҳат етказган. Кўрсатилган тез тиббий ёрдам сабабли, ходимнинг ҳаёти сақлаб қолинган.
Олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида йигитлар Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида қўлга олинган. Айни вақтда уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси тайинлангани айтилди.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг UzNews.uz’га маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25-, 97- ва 267-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳ