Бугун, 16 сентябрь куни давлат раҳбари Самарқанд шаҳрида икки мамлакатнинг етакчи компания ва банклари вакиллари билан учрашув ўтказди.
Тадбирда Германия Иқтисодиёт ва иқлимни муҳофаза қилиш вазирлиги парламент давлат котиби Михаэл Келлнер, Германия иқтисодиётининг Шарқий қўмитаси бошқарувчи директори Михаэл Келлнер, “KNAUF”, “CLAAS”, “Mangold Consulting”, “Gunter Papenburg”, “Siemens Energy”, “Linde Group”, “Aurubis”, “FALK PORSCHE”, “Metso”, “Edison technologies”, “Ernst Klett”, “Siemens Healthineers”, “Herrenknecht”, “DB Engineering & Consulting”, “Svevind Energy Group”, “Rhenus”, “HMS Bergbau”, “Textima” каби етакчи компаниялар ҳамда “KfW Development Bank”, “AKA Bank” банкларининг раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди.
Германиянинг етакчи компания ва банклари билан Саноат ва технологик шериклик бўйича қабул қилинган стратегик дастур доирасида қўшма сармоя лойиҳалари ва савдо шартномаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда жадаллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги келишувларга эришилгани учрашувнинг асосий натижаси бўлгани таъкидланди.
Ўзбекистон ва Германия ишбилармон доираларининг фаол ва амалий иштирокида ўзаро манфаатли шерикликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди. Бу "яшил энергетика", кимё саноати, "яшил водород" ишлаб чиқариш, машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, фармацевтика саноати ва бошқа соҳаларда саноат кооперациясини назарда тутади.
Бундан ташқари, ўта муҳим минерал ресурслар конларини ўзлаштириш ва уларни чуқур қайта ишлаш, кейинчалик Германия ва учинчи мамлакатлар бозорларига экспорт қилиш учун юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришда Германия компанияларининг иштироки истиқболли йўналиш сифатида белгиланди.
Учрашувда Президентимиз Германия бизнесининг Ўзбекистондаги йирик компаниялар билан яқин ҳамкорлигини йўлга қўйиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратди.
Шу маънода, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, металлургия, энергетика, кимё, транспорт инфратузилмаси, қишлоқ хўжалиги ва машинасозлик, тиббиёт ва бошқа соҳаларда янги ташаббусларни ишлаб чиқиш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишни давом эттириш кераклиги қайд этилди.
Ўз навбатида, Германия Федерал Канцлери Олаф Шолс мамлакатимиз билан кўп қиррали муносабатлар изчил ривожланаётганини юқори баҳолаб, мавжуд шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.