ОТМларга кириш тест синовлари натижаси чиққанидан сўнг “Темурбеклар” мактаби битирувчиларига берилган имтиёз кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқда 189 балл билан контрактга кирган абитуриентларнинг 3 нафари қиз болалар тўпланиши керак бўлган максимал баллни қўлга киритган бўлса ҳам контракт асосида ўқишга қабул қилингани ҳақида хабар тарқалди.
Бугун АОКАда бўлиб ўтган Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Билимни баҳолаш агентлиги раҳбарияти ва мутасаддилари иштирокидаги матбуот анжуманида мазкур масала кўтарилди.
Билимни баҳолаш агентлиги директори Мажид Каримовнинг айтишича, бу йил тест синовларида максимал — 189 баллни қўлга киритган абитуриентлар сони 61 нафарни ташкил қилган.
"Темурбеклар" мактаби битирувчиларига алоҳида квота қилиш ёки уларга берилган имтиёзни олиб ташлаш Билимни баҳолаш агентлигининг ваколатига кирмайди.
“Албатта 189 балл энг максимал балл. 189 балл олиб, конртактга кирса, бу жуда катта муаммо. Уни олган абитуриент ҳеч қачон четда қолмайди. Бу давлат комиссияси томонидан ўрганиб чиқилади. Балким, шунда "Темурбеклар" мактаби битирувчилари алоҳида қўшимча квотага киритилади”, — дейди Мажид Каримов.
“Темурбеклар” мактаби битирувчиларига давлат ОТМларига ўқишга киришда ўзлари тўплаган балларнинг 15 фоизи миқдоридаги қўшимча баллар кўринишида имтиёз берилади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги вакилининг маълум қилишича, тест синовларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар абитуриентлар учун президент гранти жорий қилинади.
“Бунда 200-ўриндаги абитуриент билан бир хил балл тўплаган барча абитуриентлар ушбу грантга даъвогарлик қилишади. Бу йил 189 балл тўплаган абитуриентлар ҳам президент грантига қўшилиши эҳтимоли катта. Агар улар президент грантига тавсия қилинса, грант асосида ўқишади. Ҳозирда таҳлиллар ўз якунига етгани йўқ. Якунланса, расман эълон қилинади”, — дейди у.