Наманган вилояти ИИБ ижтимоий тармоқда йигит яхши кўрган қизини пичоқлаб ўлдиргани ҳақидаги хабар юзасидан маълумот берди.
Маълум бўлишича, бугун, 6 май куни соат 12:00 да Тўрақўрғон туманида яшовчи 26 ёшли эркак Наманган Давлат педагогика институти биноси олдида оилавий келишмовчилик сабабли ўзининг 23 ёшли турмуш ўртоғи билан жанжаллашиб, уни пичоқ билан уриб, ўлимига сабабчи бўлган тан жароҳати етказган.
Бош прокуратура берган маълумотга кўра, эр воқеадан сўнг ўзига ҳам бир неча маротаба пичоқ билан жароҳат етказиб, ўз жонига суиқасд қилган.
Шу вақтда, воқеа жойида бўлган фуқаролар томонидан эркак шифохонага хушсиз ҳолатда олиб борилган.
Аниқланишича, ушбу жиноятни содир қилган шахс турмуш ўртоғи билан 2022 йилнинг январь ойидан буён ўзаро оилавий жанжал сабабли ажрашиб, бирга яшамасдан келган.
Шундан сўнг, у турмуш ўртоғини ўзи билан бирга яшашга мажбур қилиб, асоссиз рашқ қилиб келган ҳолда бир неча маротаба жанжаллашиб юрган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилди.