Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Самарқанддаги болалар шифохонасида Док- 1МАКС препарати сабаб 15 нафар бола вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан болалар омбудсмани текширув ўтказган.
Ўрганишларда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида сентябр-декабр ойларида 21 нафар бемор ўткир буйрак зарарланиши билан текширилгани ва даволангани аниқланди. Беморлар Жиззах, Қашқадарё, Навоий ҳамда Самарқанд вилоятидан бўлган, 3 нафар бемор соғломлаштирилиб уйига жавоб берилган ва 18 нафари вафот этган.
Қайд этилишича, беморларнинг барчаси 6 ёшгача бўлган болалар. Уларнинг 15 нафари 3 ёшгача бўлган болалар.
Таъкидланишича, беморларнинг яқинларидан уларнинг касалланиш сабаблари суриштирилганда, уларда шамоллаш аломатлари бўлгани ва даволаш мақсадида „Док-1МАКС“ препарати қабул қилишганидан сўнг аҳволи оғирлашганини баён қилишган.
“Док-1МАКС препаратининг ҳар 10 млда парацетамол — 500 мг, гвайфенезин — 200 мг, фенилэфрина гидрохлорид — 10 мг мавжуд. Мутахассислар Док-1МАКС препарати қўлланилиши кўрсатмасида препаратни 2 ёшдан қўллаш мумкинлиги кўрсатилгани, лекин шундай таркибли бошқа компаниялар препаратлари асосан 12 ёшдан кейин қўллашга рухсат берилганлигини таъкидлашди”, — дейилади хабарда.
Болалар омбудсмани вафот этган беморларнинг бирортаси ҳам патологик-анатомик тадқиқотдан ўтказилмаганини ҳам маълум қилди.
Ҳозирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тузилган ишчи гуруҳи ўз ўрганишларини давом эттирмоқда. Самарқанд шаҳар прокуратураси ҳар бир ўлим ҳолати бўйича суриштирув-тергов олиб бормоқда.