Идора маълумотига кўра, 25 октябрь ва 1 ноябрь кунлари Фарғона, Тошкент ва Қўқонда жами 18 киши ис газидан заҳарланиб вафот этган.
Қайд этилишича, ушбу фожиали ҳолатларга техник талабларга зид равишда ўрнатилган ва фойдаланишга яроқсиз газ қозонлари сабаб бўлган.
ФВБ маълумотига кўра, «Vaillant» русумли айрим газ қозонлари Германиядан эскирган ва фойдаланишга яроқсиз ҳолатда эҳтиёт қисмлар сифатида олиб кирилган. Кейин улар қўлбола усулда қайта жиҳозланиб, янги ускуна сифатида фуқароларга сотилган.
Шунингдек, қозонларнинг асл дудбуронлари ўрнига юқори ҳароратга чидамсиз канализация учун мўлжалланган полиэтилен қувурлар ўрнатилгани айтилган. Бундан ташқари, ҳаво тортиш қувурларининг мато ва бошқа материаллар билан тўсиб қўйилиши газнинг чала ёнишига ва ис гази ажралиб чиқишига олиб келиши мумкин.
Фарғона вилояти ФВБ фуқароларни бундай ускуналардан фойдаланмасликка, мавжуд газ қозонларини эса мутахассисларга текширтиришга чақирди. Бошқа турдаги иситиш ускуналарини ўрнатишда ҳам уларнинг сифат сертификати, фойдаланиш йўриқномаси ва хавфсизлик талабларига мувофиқлигига эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Изоҳ