Излаш
RUUZ

Жамият

Собиқ Бош прокурор Рашид Қодиров 10 йилга озодликдан маҳрум этилди

Бугун, 26 июнь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди томонидан Ўзбекистоннинг собиқ Бош прокурори Р. Қодировга оид жиноят иши бўйича айблов ҳукми эълон қилинди.

2381views0replies
0

wikipedia

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Юнусобод туман судининг биносида Ўзбекистоннинг собиқ Бош прокурори Р. Қодиров ва бошқа 13 нафар шахсга оид жиноят иши бўйича айблов ҳукми эълон қилинди, деб хабар бермоқда Олий суд матбуот хизмати.
Суднинг ҳукми билан, 2000-2015 йилларда Ўзбекистон Бош прокурори лавозимида фаолият кўрсатган Р. Қодиров, шу даврларда прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда катта лавозимларида ишлаган М. Мирзаев, Ж. Файзиев, У. Суннатов, Р. Пулатов, А. Мусашайхов, У. Хуррамов, Ю. Гаипов, А. Мирзаев, М. Мирзаева, фуқаролар С. Косимов, А. Икрамов ва Х. Ахмеджанов билан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб пора олиш (Жиноят кодекси 210-моддаси 3-қисмининг “а” банди), пора беришга далолат қилиш (ЖК 28,211-моддаси 3-қисмининг “а” банди), фирибгарлик (ЖК 168-моддаси 3-қисмининг “а” банди), солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш (ЖК 184-моддасининг 3-қисми), тергов қилишга ва суд ишларини ҳал этишга аралашиш (ЖК 236-моддасининг 2-қисми), жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш (ЖКнинг 243-моддаси) каби, ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолият тартибига қарши бир қатор оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.
Қарийб олти ой давом этган, Ўзбекистон жиноят-процессуал кодекснинг 19-моддаси, шунингдек “Давлат сирлари тўғрисида”ги Қонуни талабларига мувофиқ, ёпиқ тарзда ўтказилган суд тергови жараёнида барча судланувчиларнинг кўрсатувлари бирма-бир атрофлича текширилди, икки юзга яқин гувоҳларнинг кўрсатувлари тингланиб, иш бўйича ўтказилган экспертиза ва хизмат текширувлари хулосалари, шунингдек жиноят ишида тўпланган далиллар, уларнинг қонунийлиги ва асослилиги нуқтаи назаридан тафтиш қилинди.
Суднинг ҳукми билан айбдор деб топилган жиноятлари учун Р. Қодировга, ЖК 50-моддасининг 6-қисми тартибида 10 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди. Шунингдек, У. Суннатов 19 йилга, А. Мирзаев 15 йилга, У. Хуррамов 14 йилга, Ж. Файзиев 13 йилга, Л. Мусашайхов 13 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Қолган судланувчиларга ҳам қилган қилмишларига яраша қонун доирасида жазолар тайинланиб, уларнинг барчаси қўшимча жазо тариқасида муайян муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ бўлган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.
Бундан ташқари, суд оғир ва ўта оғир жиноятлар учун судланган Р. Қодиров, М. Мирзаев, А. Мирзаев, Ж. Файзиев, У. Суннатов, Р. Пулатов, У. Хуррамов, Ю. Гаиповни (ЖКнинг 52-моддаси) махсус унвон ва давлат мукофотларидан маҳрум қилиш ҳақида тақдимнома киритишга қарор қилди.
Судланганлар айбдор деб топилган жиноятлари оқибатида етказилган моддий зарарлар, суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида топширилган пул ва хатланган мол-мулклар ҳисобидан қопланиши белгиланди.
Шунингдек, суд томонидан, Ўзбекистон ЖПКнинг 298-моддасига асосан, жиноятнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш масаласида Ўзбекистон Бош прокурорига хусусий ажрим чиқарилди.
Суд ҳукми эълон қилингач раислик этувчи суд процесси иштирокчиларига ҳукмнинг мазмун-моҳиятини батафсил изоҳлаб бериб, шикоят қилиш муддатлари ва тартибини тушунтирди.
2381views0replies
0

Изоҳлар