Ребрендинг жараёни Davr Bank нинг ABB молиявий гуруҳига интеграциялашуви доирасида амалга оширилмоқда. Банк филиаллари, сайти ва бошқа хизмат кўрсатиш каналларининг корпоратив қиёфаси босқичма-босқич янгиланади.
Шунингдек, ABB DAVR кузатув кенгашининг янги таркибдаги илк йиғилиши бўлиб ўтди. ABB бошқаруви раисининг ўринбосари, банкнинг стратегия бўйича бош директори Талеҳ Таҳирли кузатув кенгаши раиси этиб сайланди.
9 октябрь куни бўлиб ўтган акциядорлар умумий йиғилишида қабул қилинган қарорга мувофиқ, кузатув кенгаши таркибига Талеҳ Таҳирли, Агшин Амиров ҳамда уч нафар мустақил аъзо — Шафаг Ҳасанова, Фарҳод Розиев ва Саид Абдунабиев кирган.
Кузатув кенгаши бешта қўмита ташкил этиб, уларнинг таркибини тасдиқлади. Булар аудит, рискларни бошқариш, кадрлар ва мукофотлаш, стратегик режалаштириш ҳамда ахборот технологиялари бўйича қўмиталардир.
Кузатув кенгаши ҳақида батафсил маълумот билан банкнинг расмий сайтидаги «Банк раҳбарияти» бўлимида танишиш мумкин.
ABB DAVR кузатув кенгаши раиси Талеҳ Таҳирли қуйидагиларни таъкидлади:
«Бизнинг асосий устувор вазифамиз — Ўзбекистонда бизнес, биринчи навбатда, кичик ва ўрта тадбиркорлик ривожини қўллаб-қувватлашдир. ABB DAVR Bank маҳаллий бозор ва мижозлар эҳтиёжларини яхши биладиган кучли жамоага эга. Биз маҳаллий мутахассислар ва раҳбар кадрларнинг касбий ривожланишини давом эттирамиз, кадрлар захирасини шакллантирамиз ҳамда жамоалар фаолияти самарадорлигини оширамиз.
ABB молиявий гуруҳининг имкониятлари бизга бизнеснинг молиялаштириш манбаларидан фойдаланиш имкониятларини босқичма-босқич кенгайтириш, ҳисоб-китоб ва рақамли хизматларни ривожлантириш ҳамда хизмат кўрсатиш сифатини оширишга ёрдам беради».
ABB DAVR Bank мижозларга одатдаги иш тартибида хизмат кўрсатишда давом этмоқда. Ҳозирда ABB DAVR нинг 2 миллиондан ортиқ мижози, 1800 нафардан зиёд ходими, пойтахт ва ҳудудларда 43 та филиали ҳамда хизмат кўрсатиш маркази мавжуд. Банк активлари ҳажми 2 миллиард Озарбайжон манатидан ошади. Банк, айниқса, кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш соҳасида фаол ўрин эгаллайди.
Реклама ҳуқуқи асосида
Изоҳ