Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида, Қизилқум чўлига туташ ҳудудда 1 миллионга яқин мевали ва манзарали дарахт кўчатлари етиштирилмоқда. Уларнинг орасида қурғоқчилик ва шўр тупроққа чидамли ғужум, павловния ҳамда манзарали буталар бор.
Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида 1 миллион 135 минг туп, Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманида эса 600 мингдан ортиқ кўчат экиш режалаштирилган. Қашқадарё вилоятидаги Қамаши давлат ўрмон хўжалигида кузги мавсум учун 320 минг туп кўчат тайёрланган.
Ҳудудларда янги яшил ҳудудлар ҳам ташкил этилмоқда. Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманидаги «Янги Ўзбекистон» массивида 2 мингдан ортиқ дарахт экилди. 104 та кўп қаватли уй ва кичик саноат зонаси ўртасида барпо этилаётган боғда чинор, катальпа, қайин, дуб ва заранг кўчатлари қадалган. Ҳар бир кўчат ҳақидаги маълумот электрон платформага киритилиб, унинг ўсиши ва парвариши назорат қилинади.
Наманган вилоятининг Уйчи туманида 2200 дан ортиқ манзарали ва мевали дарахт, Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида эса 1000 туп дарахт экилди.
Кўкаламзорлаштириш ишларига аҳоли ҳам жалб қилинмоқда. Самарқанд вилоятида ёшлар етакчилари ва кўнгиллилар иштирокида 450 туп дарахтдан иборат «Ёшлар боғи» ташкил этилди. Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги «Шодлик» маҳалласи аҳолиси эса 100 туп кўчат экди.
Жиззах шаҳрида аҳоли учун 30 дан ортиқ турдаги мевали ва манзарали дарахтлар ҳамда гуллар кўргазмали ярмаркалари ташкил этилди. Андижон, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида ҳам кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ