Илмий-тадқиқот гидрометеорология институти 19–30 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида кутилаётган об-ҳаво шароити ва атмосфера ҳавосининг ифлосланиши бўйича прогнозни эълон қилди.
Институт директори, география фанлари доктори Дониёр Тўрғуновнинг маълум қилишича, 19–20 ноябрь кунлари ғарбдан ҳаво массаларининг кириб келиши, ёғингарчилик ва шамолнинг кучайиши ифлослантирувчи моддаларнинг тарқалишига ёрдам беради.
21–26 ноябрь кунлари ҳам пойтахтда нисбатан қулай метеорологик шароит кузатилади. Бироқ тунги ва эрталабки соатларда ҳарорат инверсияси ҳамда туман сабабли ҳаво ифлосланиши қисқа муддатга ортиши мумкин.
27–30 ноябрь кунлари эса вазият ўзгариши кутилмоқда. Шимолдан совуқ ҳаво массалари кириб келиши ва антициклон таъсирида ҳарорат инверсияси кучайиб, ифлослантирувчи моддалар атмосферада тўпланиши мумкин.
Шу муносабат билан аҳоли ва тадбиркорлар экологик талабларга янада қатъий риоя қилишга чақирилди.
Мутахассислар таъкидлашича, жорий йил ноябрь ойидаги вазият 2025 йилнинг шу даврига нисбатан анча қулай бўлади. Ўтган йилги каби кучли антициклон ва кескин ҳарорат инверсияси кутилмаяпти.
Шунга қарамай, туман ва ҳарорат инверсияси туфайли тунги ҳамда эрталабки соатларда ҳаво сифати вақтинча ёмонлашиши эҳтимоли сақланиб қолмоқда.
Изоҳ