Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан дори воситаларини рецепт асосида ва рецептсиз бериладиган тоифаларга киритиш тартибига ўзгартиришлар киритилди.
Ҳужжатга кўра, дориларни рецептли ёки рецептсиз тоифага киритиш давлат рўйхатидан ўтказиш, рўйхатдан ўтказиш ҳужжатларига ўзгартириш киритиш ёки рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси муддатини узайтириш жараёнида амалга оширилади.
Дорини рецептсиз бериладиган тоифага киритиш учун у бир қатор хавфсизлик талабларига жавоб бериши керак. Жумладан, препарат жисмоний ёки руҳий қарамликни келтириб чиқармаслиги ҳамда шифокор назоратисиз қўлланганда жиддий хавф туғдирмаслиги лозим.
Шунингдек, дозани ошириб юбориш, дорини нотўғри ёки узоқ муддат қўллаш, жиддий ножўя таъсирлар юзага келиш эҳтимоли ҳамда уни енгил касалликларни мустақил даволашда қўллаш имконияти инобатга олинади.
Дори воситасининг йўриқномасида уни хавфсиз қўллаш бўйича маълумотлар истеъмолчи учун тушунарли ва содда баён этилган бўлиши ҳам талаб этилади.
Рецептсиз бериш мақомини белгилашда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тан олинган хорижий тартибга солувчи органларнинг қарорлари ҳам ҳисобга олиниши мумкин.
Икки ёки ундан ортиқ таъсир этувчи моддадан иборат комбинацияланган препаратлар учун қўшимча талаблар белгиланган. Хусусан, уларни биргаликда қўллаш хавфсизлиги ва ножўя ўзаро таъсирлар эҳтимоли пастлиги исботланиши керак.
Шу билан бирга, дори воситаларининг хавфсизлиги ва самарадорлиги бўйича янги маълумотлар пайдо бўлса, «Узфармконтроль» уларнинг бериш тоифасини қайта кўриб чиқиши мумкин.
Изоҳ