Ўзбекистон Марказий банки фуқароларга маош, мукофот ва бошқа тўловларни ўзлари танлаган исталган банк картаси ёки электрон ҳамёнга олиш имконини берувчи янги тизимни жорий этмоқда. Бу ҳақда регулятор маълум қилди.
Тизимнинг биринчи версияси хусусий сектор ташкилотлари ва уларнинг ходимлари учун мўлжалланган. Кейинги янгиланишларда фойдаланувчиларнинг таклифлари инобатга олиниб, тизим имкониятлари кенгайтирилади.
Аввал маош олиш учун ходимлар, одатда, иш берувчи хизмат кўрсатадиган банкда алоҳида карта очиши талаб этиларди.
Бошқа банк картаси мавжуд бўлса ҳам, янги карта расмийлаштириш ва зарурат туғилганда маблағларни бир картдан бошқасига ўтказишга тўғри келарди. Янги тизим бу боғлиқликни бартараф этиб, фуқароларга ўзлари учун қулай банкни танлаш имконини беради.
Тизимдан фойдаланиш ходимлар учун соддалаштирилган. Бунинг учун фуқаро бухгалтерияга ўзи танлаган банк картаси ёки электрон ҳамён реквизитларини тақдим этиши кифоя. Маблағларни тақсимлаш марказида алоҳида рўйхатдан ўтиш талаб қилинмайди.
Ташкилот ходимларга тўланадиган маблағлар бўйича ягона реестрни шакллантириб, хизмат кўрсатувчи банкка юборади. Банк реестрни электрон рақамли имзо билан тасдиқлаб, маблағларни тақсимлаш марказига узатади. Тизим маълумотларни текшириб, тўловларни ходимлар танлаган банклар ўртасида тақсимлайди. Шундан сўнг қабул қилувчи банклар маблағларни тегишли карталар ёки электрон ҳамёнларга ўтказади.
Янги тизим фуқароларга иш берувчининг талаби билан янги карта очмасдан, мавжуд банк карталари ёки электрон ҳамёнларидан фойдаланиш имконини беради. Ходим кейинчалик ҳам тақдим этган реквизитларини ўзгартириши мумкин. Бунда банк картаси ёки электрон ҳамён ходимнинг ўз номига расмийлаштирилган бўлиши шарт.
Тизим ташкилотлар учун ҳам тўлов жараёнини соддалаштиради. Иш берувчилар ходимлари қайси банкда хизмат кўрсатилишидан қатъи назар, барча тўловларни ягона реестр орқали амалга ошириши мумкин. Бу ҳар бир банк билан алоҳида маош лойиҳаси бўйича шартнома тузиш заруратини камайтиради.
Марказий банк таъкидлашича, маблағларни тақсимлаш маркази ҳимояланган инфратузилма асосида ишлайди.
Маълумотлар ёпиқ банк тармоғи орқали узатилади, тўлов реестрлари электрон рақамли имзо билан тасдиқланади, карта реквизитлари ва олувчиларнинг шахсий маълумотлари Марказий банк базалари орқали текширилади.
Агар тақдим этилган маълумотларда хатолар аниқланса, реестр тузатиш киритиш учун қайтарилади. Бу механизм маблағларни нотўғри реквизитларга ўтказиш хавфини камайтиришга хизмат қилади.
Изоҳ