• 12 024 сўм
    9.24
  • 13 237 сўм
    -43.89
  • 146 сўм
    -0.65
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Uz
  • 12 024 сўм
    9.24
  • 13 237 сўм
    -43.89
  • 146 сўм
    -0.65
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Жамият Бугун, 19:19

Ўзбекистон халқаро иқлим рейтингида 10 поғона юқорилади

Бу мамлакат рейтингга биринчи марта киритилган 2024 йилдан буён қайд этилган энг яхши натижа ҳисобланади. Экспертлар Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кенгайгани ва иссиқхона газлари чиқиндиларини қисқартириш бўйича мажбуриятлар кучайтирилганини ижобий баҳолаган.

73
0
МСРЖ

Ўзбекистон Climate Change Performance Index (CCPI 2027) халқаро рейтингида 43-ўринни эгаллади. Мамлакат ўтган йилга нисбатан бирданига 10 поғона юқорилади.
Бу мамлакатнинг рейтингда иштирок этган давридаги энг яхши натижаси ҳисобланади. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.

CCPI 2027 рейтингида етакчи ўринларни Дания (4-ўрин), Литва (5-ўрин), Люксембург (6-ўрин), Буюк Британия (7-ўрин) ва Марокаш (8-ўрин) эгаллади. Иқлим самарадорлиги бўйича ҳеч бир давлат етарлича юқори баҳо олмагани сабабли дастлабки учта ўрин бўш қолдирилган.

Рейтингнинг қуйи қисмидан Эрон (68-ўрин), АҚШ (67-ўрин), Россия (66-ўрин), Саудия Арабистони (65-ўрин) ва Бирлашган Араб Амирликлари (64-ўрин) жой олди. Канада (62-ўрин), Жанубий Корея (61-ўрин) ва Япония (58-ўрин) ҳам паст натижа кўрсатган.

Climate Change Performance Index давлатларнинг иқлим ўзгаришига қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини мустақил баҳолашга қаратилган халқаро рейтинглардан бири ҳисобланади. Унга глобал иссиқхона газлари чиқиндиларининг 90 фоиздан ортиғига ҳисса қўшадиган мамлакатлар киритилган.

Баҳолаш тўртта асосий йўналиш — иссиқхона газлари чиқиндилари, қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш, энергия истеъмоли ва давлатнинг иқлим сиёсати бўйича амалга оширилади.

Ўзбекистон CCPI рейтингига биринчи марта 2024 йилда киритилиб, 48-ўринни эгаллаган. 2025 йилда мамлакат 54-ўринга, 2026 йилда эса 53-ўринга жойлашган. 2027 йил натижаларига кўра, Ўзбекистон 43-ўринга кўтарилди. Шу тариқа, дастлабки иштирок даврига нисбатан ҳам мамлакат ўз кўрсаткичини беш поғонага яхшилаган.

Экспертлар Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергетика ривожланаётганини ижобий баҳолаган. Хусусий инвестициялар ва халқаро молия институтлари кўмагида йирик қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш суръатлари сезиларли даражада тезлашган. Бироқ мутахассислар электр тармоқлари ва энергия сақлаш тизимларининг ривожланиши янги қувватларни ишга тушириш суръатларидан ортда қолаётганини қайд этган.

Экспертлар Ўзбекистоннинг табиий газга қарамлиги сақланиб қолаётганини асосий муаммолардан бири сифатида кўрсатган. Мамлакатда газ қазиб олиш ва тегишли инфратузилмани ривожлантириш давом этмоқда. Шу билан бирга, қазилма ёқилғидан фойдаланиш ва уни субсидиялашни қисқартириш бўйича узоқ муддатли режа мавжуд эмас. Мутахассислар иқтисодиётнинг юқори энергия сиғими ва айрим иқлим стратегияларининг етарлича амалга оширилмаётганига ҳам эътибор қаратган.

Тадқиқот муаллифлари Ўзбекистоннинг иқлим бўйича мажбуриятлари кучайтирилганини ҳам қайд этган. Мамлакат 2035 йилгача ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан иссиқхона газлари чиқиндиларини 2010 йилдаги даражага нисбатан 50 фоизга қисқартиришни мақсад қилган.

Шу билан бирга, экспертлар ушбу мақсадга эришиш учун соҳалар кесимида аниқ режалар ишлаб чиқиш, 2055 йилгача мўлжалланган узоқ муддатли паст углеродли ривожланиш стратегиясини тайёрлашни якунлаш ҳамда энергетика инфратузилмасига инвестицияларни кўпайтириш зарурлигини таъкидлаган.

73
0

Изоҳ