Суд ҳужжатларига кўра, 2000 йилда туғилган шахс 2021 йилда пул топиш мақсадида Россияга борган. У ерда гиёҳвандлик воситалари ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноятда айбланиб, 2023 йил декабрь ойида 9 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Жазони ўтаётган вақтида унга Украинага қарши урушда қатнашиш эвазига озодликка чиқиш ва пул ишлаш таклиф қилинган. Натижада у 2025 йил 13 августда Россия Қуролли кучлари билан бир йиллик шартнома имзолаб, ҳарбий хизматга қабул қилинган.
Ҳужжатларда келтирилишича, судланувчи Запорожье ҳудудидаги жангларда иштирок этган. 2026 йил 27 март куни дрон портлаши оқибатида яраланган ва шифохонада даволанган. Кейинчалик ҳарбий қисмдан қочиб, қариндошлари ёрдамида Ўзбекистонга қайтган.
Судда у айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини билдирган. Шунингдек, урушда қатнашишга мажбурликдан рози бўлганини айтган. Бироқ суд унинг ҳаракатларини ёлланма асосда қуролли тўқнашувда қатнашиш деб баҳолаган.
2026 йил 11 ноябрдаги ҳукм билан унга Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми бўйича айбдор деб топилиб, 2 йилга озодликдан маҳрум этилди. У суд залидан қамоққа олинди.
Изоҳ