• 11 987 сўм
    13.68
  • 13 393 сўм
    -43.39
  • 146 сўм
    -0.3
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Uz
  • 11 987 сўм
    13.68
  • 13 393 сўм
    -43.39
  • 146 сўм
    -0.3
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Жамият Бугун, 16:40

Чилонзор туманида янги сунъий кўл ва дам олиш маскани барпо этилмоқда

Бешёғоч маҳалласида 2,3 гектар майдонни эгаллайдиган лойиҳа доирасида сунъий кўл, фавворалар, пиёдалар ва велойўлаклар ташкил этилади. Масканга кунига 3 минг нафаргача ташриф буюрувчи келиши кутилмоқда.

44
0
ИИ/uznews.uz

Тошкент шаҳрида янги сунъий кўллар ва яшил ҳудудларни ташкил этиш, шунингдек, аввал мавжуд бўлган, аммо вақт ўтиши билан йўқолган сув ҳавзалари ҳамда яшил ҳудудларни қайта тиклаш ишлари олиб борилмоқда.

Ушбу ташаббус доирасида Чилонзор тумани Бешёғоч маҳалласида аҳоли ва шаҳар меҳмонлари учун янги дам олиш маскани барпо этилмоқда. Лойиҳа Тошкент шаҳар ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси буюртмаси асосида амалга оширилмоқда.

Лойиҳанинг умумий майдони 23 минг квадрат метрни, яъни 2,3 гектарни ташкил этади. Шундан 18 700 квадрат метр майдон сунъий кўл учун ажратилган. Кўлнинг сув сиғими қарийб 37 400 куб метр бўлиши режалаштирилган.

Ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш доирасида 150 туп дарахт ва бута кўчатлари экилади. Шунингдек, умумий узунлиги 4 600 метр бўлган пиёдалар ва велойўлаклар, иккита фаввора ҳамда бошқа зарур инфратузилма ташкил этилади.

Лойиҳанинг ўзига хос меъморий ечимларидан бири кўл ҳудудида ўрнатилиши режалаштирилган 30 метр баландликдаги айланувчи аркали рамзий дарвозадир. Унинг меъморий концепциясини шакллантиришда италиялик мутахассисларнинг дастлабки таклифлари ўрганилган. Кейинчалик улар маҳаллий мутахассислар томонидан қайта ишланиб, ҳудуд хусусиятлари ва лойиҳа талабларига мослаштирилган.

Лойиҳачи «Lider Prof Proyekt» МЧЖ мутахассислари аркали иншоотнинг мураккаб конструктив ва механик ечимларини ишлаб чиқишда хорижий, жумладан, хитойлик мутахассислар билан техник ҳамкорлик имкониятларини ҳам кўриб чиқмоқда. Дастлабки лойиҳа ечимларида иншоот ичида иккита лифт жойлаштириш имконияти ҳам назарда тутилган.

Янги маскан «Magic City» ва «Миллий боғ»га туташ ҳудудда жойлашади. Лойиҳа фойдаланишга топширилгач, унга кунига 3 минг нафаргача ташриф буюрувчи келиши кутилмоқда.

Маскан аҳоли учун оилавий ҳордиқ чиқариш, сайр қилиш ва спорт билан шуғулланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган. Лойиҳада қулай ва хавфсиз муҳит яратиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда экологик барқарорликни таъминлашга устувор аҳамият берилмоқда.

44
0

Изоҳ