• 11 987 сўм
    13.68
  • 13 393 сўм
    -43.39
  • 146 сўм
    -0.3
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Uz
  • 11 987 сўм
    13.68
  • 13 393 сўм
    -43.39
  • 146 сўм
    -0.3
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Жамият Бугун, 09:18

Тошкентда россиялик эркак cамолёт парвози вақтида жанжал кўтаргани учун қамалди — видео

Куала-Лумпурдан Тошкентга учиб келган Россия фуқароси самолёт бортида маст ҳолда жанжал кўтариб, аэропортда полиция ходимларининг талабларига бўйсунмаган. У самолётдан тушаётганда қўл юкини трапдан ерга улоқтириб, тепган.

174
0
Видеодан кадр

Тошкентда Куала-Лумпур — Toshkent йўналиши бўйича парвоз қилаётган самолётда маст ҳолда жанжал кўтарган Россия фуқароси 7 суткага маъмурий қамоққа олинди. Бу ҳақдаги UzNews.uz мухбири суд ҳужжатлари билан танишди.

Тошкент шаҳри жиноят ишлари бўйича Сергели туман судининг 2026 йил 6 ноябрдаги қарорига кўра, 1990 йилда туғилган Россия фуқароси В.К. 2026 йил 5 ноябрь куни HY-552 рейсида учиб келаётган вақтида жанжал чиқарган.

Суд ҳужжатларида келтирилишича, йўловчи бир неча марта спиртли ичимлик сўраган. Бироқ маст ҳолатда бўлгани сабабли борткузатувчи унга ичимлик беришни рад этган. Шундан сўнг В.К. борткузатувчи аёлни ҳақорат қилган, бошқа ходимлар ва йўловчиларнинг ҳам тинчлигини бузган.

Самолёт Тошкент халқаро аэропортига қўнгандан кейин ички ишлар ходимлари ундан тинчланиб, самолётдан тушишни ва тушунтириш бериш учун маъмурий бинога боришни талаб қилган. Бироқ у ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмаган, ҳақоратли сўзлар ишлатишда давом этган. Шунингдек, қўл юкини самолёт трапидан ерга улоқтириб, тепган.

Суд мажлисида В.К. айбига иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини билдирган ва бундай ҳолатни такрорламасликка ваъда берган.

Суд қарори билан у Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси 1-қисми (ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармаслик) бўйича айбдор деб топилди.

Унга майда безорилик учун 7 сутка маъмурий қамоқ ва ички ишлар ходимларининг талабларига бўйсунмагани учун 440 минг сўм жарима тайинланди.

174
0

Изоҳ