Ижтимоий тармоқларда блогер Нилуфар Ҳамидова иштирокидаги реклама видеоси тарқалиб, жамоатчилик орасида кенг муҳокамага сабаб бўлди.
Роликда аёл бир неча бор «Яна хоҳлайман» деган жумлани такрорлайди. Ушбу ибора икки хил маънода тушунилиши мумкин. Бироқ видео якунида гап косметика тўплами ҳақида кетаётгани маълум бўлади.
Мазкур ҳолат юзасидан блогерга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида кўриб чиқилди.
Суд мажлисида Нилуфар Ҳамидова халқдан узр сўраб, келгусида бундай мазмундаги видеоларни эълон қилмасликка ваъда берди.
«Халқимдан узр сўрамоқчиман. Бошқа бундай контент жойламайман. Кўрасизлар, бундан кейин фақат яхши, чиройли роликлар чиқади. Сизларда эътироз ва танқид қилиш учун бошқа сабаб бўлмайди», — деди блогер.
Суд қарорига кўра, Нилуфар Ҳамидова Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси (майда безорилик) билан айбдор деб топилган ва унга 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Изоҳ