Тошкент шаҳар ИИББ хабарига кўра, Юнусобод туманида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари ҳужжатларни текшириш мақсадида Malibu-2 русумли автомобилни тўхтатган. Автомобилни вояга етмаган шахс бошқараётгани аниқланган.
Транспорт воситаси кўздан кечирилганда, ундан бошқа давлат рақами белгиси топилган. Шунингдек, автомобиль ноқонуний махсус антенна, сирена ва милтилловчи маякчалар билан жиҳозлангани маълум бўлган.
Тергов давомида мазкур шахслар аввал ҳам шунга ўхшаш ҳолатга алоқадор бўлгани аниқланган. Хусусан, Мирзо Улуғбек туманида Kia русумли автомобиль тўхтатилганда, ундан ҳам бир нечта давлат рақамлари топилган.
Аниқланишича, ушбу давлат рақамлари қалбаки бўлиб, уларни Қирғизистон фуқароси тайёрлаган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида мазкур шахс Андижон вилоятида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Тергов маълумотларига кўра, шахслар автомобиль давлат рақамларини хориждан буюртма асосида олиб келиб, Ўзбекистонда сотиш билан шуғулланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 227¹-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди ҳукми билан вояга етмаган Ғафуровга БҲМнинг 15 баравари, Қирғизистон фуқароси Эргашевга эса БҲМнинг 150 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Шунингдек, Эргашевни Ўзбекистон ҳудудидан чиқариб юбориш масаласи унга тайинланган жарима жазоси ижро этилганидан кейин ҳал қилиниши белгиланган.
Изоҳ