Ўзбекистонда Ички ишлар вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг жазони ижро этиш муассасаларида муддатли учрашув хоналари, масофавий видеомулоқот ва телефон суҳбатлари учун тарифларни тасдиқлашга доир қўшма қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳужжат жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.
Лойиҳага кўра, муддатли учрашув хоналаридан фойдаланиш нархи уларнинг сиғимига қараб, тўлов кунида амал қилаётган базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) асосида белгиланади.
Таклиф этилаётган тарифлар қуйидагича:
- икки кишилик хона — БҲМнинг 20 фоизи;
- уч кишилик хона — БҲМнинг 25 фоизи;
- тўрт кишилик хона — БҲМнинг 30 фоизи.
Хонадан бир суткадан кам фойдаланилган тақдирда ҳам тўлов тўлиқ бир сутка учун ундирилади.
Масофавий видеомулоқот учун ҳар бир дақиқага БҲМнинг 0,5 фоизи, телефон суҳбатлари учун эса 0,1 фоизи миқдорида ҳақ белгиланиши таклиф этилмоқда.
Видеомулоқот ва телефон суҳбатлари давомийлиги «Qal’a» марказлашган ахборот тизими орқали автоматик ҳисобга олинади. Тўлиқ бўлмаган дақиқа учун тўлов ҳақиқий мулоқот вақтига мутаносиб равишда ҳисобланади.
Муддатли учрашув хоналари учун тўлов учрашув бошланишидан олдин банк карталари, электрон тўлов тизимлари ёки бошқа рухсат этилган усуллар орқали нақд пулсиз амалга оширилади. Муассаса ходимларига нақд пул қабул қилиш тақиқланади.
Видеомулоқот ва телефон суҳбатлари учун маблағ маҳкумнинг шахсий ҳисобварағидан автоматик ечиб олинади. Ҳисобда маблағ етарли бўлмаса, хизмат мавжуд сумма доирасида кўрсатилади.
Кимларга имтиёз берилади?
Лойиҳада айрим тоифадаги шахсларни муддатли учрашув хоналари учун тўловдан озод қилиш назарда тутилган.
Жумладан, маҳкумларнинг ўзи, улар билан учрашувга келган 16 ёшгача бўлган болалар (улар билан бирга бошқа вояга етган шахслар келмаган тақдирда), I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда Ижтимоий реестрга киритилган оилалар аъзолари тўловдан озод этилади.
Бироқ ушбу имтиёзлар масофавий видеомулоқот ва телефон суҳбатларига татбиқ этилмайди.
Учрашув ёки суҳбат амалга ошмаса, пул қайтарилади
Агар ускуналар, алоқа тармоқлари, «Qal’a» тизимидаги носозликлар ёки фойдаланувчига боғлиқ бўлмаган бошқа сабаблар туфайли хизмат тўлиқ ёки қисман кўрсатилмаса, хизмат кўрсатилмаган қисми учун ҳақ ундирилмайди.
Маҳкумнинг ҳисобварағидан ечиб олинган маблағ эса амалга ошмаган видеомулоқот ёки телефон суҳбати учун унинг шахсий ҳисобварағига қайтарилади.
Агар учрашув ёки суҳбат фойдаланувчининг айби билан муддатидан олдин тўхтатилса, хизматнинг амалда фойдаланилган қисми учун тўланган пул қайтарилмайди.
Изоҳ